30/Июнь/2021 Таълим
ТОШКЕНТ, 30 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Жиззах шаҳрида «Sambhram» университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур қарор билан Ҳиндистон компаниялари иштирокида Жиззах шаҳрида «Sambhram» университети ташкил этилди.
«Sambhram» университети нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш университетнинг асосий вазифаси ва фаолият йўналишларидан бири бўлади.
Университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида ўзбек, инглиз ва рус тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари университет томонидан белгиланади.
Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Қарорга кўра, университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратилади. Бу талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этилишини англатади.