Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Октабрь/2020   Долзарб

21 октябрь — Афғонистонда ўзбек тили куни


МОЗОРИ ШАРИФ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Афғонистоннинг Балх вилояти маркази — Мозори Шариф шаҳрида ўзбек тили куни байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Балх вилояти маъмурияти Ғазанфар жамғармаси билан биргаликда ташкил этилди,  деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Бош консулхонаси хабарига кўра, тадбирда Балх вилоятининг янги тайинланган губернатори Фарҳод Азимий, собиқ губернатор Муҳаммад Ишок Раҳгузар, вилоят кенгаши раиси доктор Афзал Ҳадид, давлат тузилмалари раҳбарлари, жамоат арбоблари, Эрон, Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг турли фонд ва консуллик муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Афғонистон Президентининг ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича махсус вакили, таниқли давлат арбоби ва Афғонистондаги ўзбек диаспораси фаол аъзоси, марҳум Юсуф Ғазанфар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Анжмуманда Фарҳод Азимий, Афзал Ҳадид, Муҳаммад Ишок Раҳгузар ва вилоят жамоатчилиги вакиллари сўзга чиқди.

Хусусан, вилоят ҳокими Фарҳод Азимий ўзбек тили дунёдаги энг қадимий ва бой туркий тиллардан бири эканини таъкидлади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Гавҳар Шод Бегим ва бошқа тарихий шахслар, мутафаккир ва шоирларнинг Афғонистонда илм-фан ва маданият ривожида муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.

Фарҳод Азимий ва Афзал Ҳадид ўз чиқишларида Афғонистонда давлат тилларидан бири бўлган ўзбек тилини Балх вилоятида ривожлантириш учун зарур саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 октябрь куни Мозори Шарифдаги ўзбек зиёлилари вакиллари иштирокида ҳам Фирдавсий кутубхонасида ўзбек тили байрами муносабати билан тантанали брифинг ташкил этилди.

Унда Балх вилояти маъмурияти, вилоят кенгаши, Балх университети ўзбек тили кафедраси ва Мозори Шарифдаги Ўзбекистон консуллиги вакиллари иштирок этди.

Университет вакиллари ўз чиқишлари чоғида ўзбек тилининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи, унинг роли ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этди. Шунингдек, Афғонистон этник ўзбеклари орасида ушбу тилнинг аҳамияти ва ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Хусусан, улар Ўзбекистон тилшунослари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзбек тилининг ягона луғатини яратиш бўйича қўшма ишларни бошлаш зарурлигини таъкидлади.

Балх вилояти губернатори собиқ ўринбосари Шужоуддин Шужонинг айтишича, Афғонистон парламенти ва ҳукуматидаги этник ўзбеклар вакилларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан мамлакатда 21 октябрь расмий ўзбек тили куни деб эълон қилинган.

Шунингдек, у илгари мамлакатдаги оғир ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ёш авлодни тарбиялаш, шунингдек, улар орасида ўзбек тилини ривожлантиришга тегишлича эътибор берилмаганини қайд этди. Бироқ сўнгги йилларда ўзбек ёшлари Афғонистонда ҳам, чет элларда ҳам ўқув жараёнларида фаол қатнашмоқда. Улар гуманитар ва аниқ фанларни, шу жумладан ўзбек тили ва адабиётини мукаммал ўзлаштиряпти.

Шужоуддин Шужо маърузаси якунида  Балх университети ўзбек тили кафедраси вакилларидан Афғонистонда ўзбек тилини ривожлантиришнинг юқоридаги йўналишлари бўйича фаол ишлашни сўради.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош вазири «Дўстлик» маҳаллас...

Ўзбекистон Бош вазири «Дўстлик» маҳалласида қурилган уйлар билан танишди...

Жорий йил 16 февраль ҳолатига кўра, Ўзбе...

Хитойда 68 584 нафар шахс коронавирус инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 2 008 нафар...

Европалик мутахассислар: Тузалиш йўлига ...

Хусусан, Марказий Осиё муаммолари билан шуғулланадиган европалик экспертлар ушбу қадамни қ...

Сўнгги янгиликлар