07/Апрель/2021 Саналар
ТОШКЕНТ, 7 апрель. /«Дунё» АА/. Бугун Бутунжаҳон саломатлик куни, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида 1950 йилдан бери ҳар йили дунё ҳамжамияти томонидан кенг нишонланиб келинади.
1948 йил 7 апрель соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига ҳозирда 194 та аъзо давлат киради.
Бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган ЖССТ 6 та минтақавий ва 150 та мамлакатда ўз ваколатхоналарига эга. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонаси тизимига киради. Ўзбекистон 1992 йил 25 май куни ЖССТга аъзо бўлган. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган.
ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб қилиб келмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга БМТнинг юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи (ЮНИАТФ) мукофоти топширилган.
Бутунжаҳон саломатлик куни – бу инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлиги муҳофазаси йўлида биргаликда чора-тадбирлар ўтказиш мақсадида сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир аҳолининг эътиборини саломатлик ва соғлиқни сақлаш муаммоларига жалб қилишга қаратилган глобал кампаниядир.
Бутунжаҳон саломатлик кунини нишонлаш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ЖССТнинг бошчилигида ташкиллаштирилади. Ушбу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади.
Жумладан, 2020 йил «Халқаро ҳамширалик ва акушерлик хизмати ходимлари» йили деб эълон қилинган эди. Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари, хусусан ҳамширалар зиммасидаги масъулият янада ошди.
Улар томонидан коронавирус инфекциясига чалинган беморларни соғайиб кетиши учун ЖССТ тавсиялари асосида ва халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.