Uz / Ўз Ru En

Toshkent

27/Январь/2021   Маданият

Алишер Навоий – ўзбек адабий тилини мумтозлик даражасига кўтарган сиймо


ТОШКЕНТ,  27 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг  «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори доирасида қатор тадбирлар режалаштирилган.

 Хусусан, Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасидаги лойиҳалар ишлар амалга оширилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университети профессори, филология фанлари доктори Бахтиёр Абдушукуров «Дунё» АА мухбирига буюк мутафаккирнинг ўзбек тилини равнақ топтиришдаги ўрни ва  Навоий  асарларида ўзбек тилига оид қарашлар тарихи ҳақида сўзлаб берди.

— XI асрда ўзбек тилида оригинал ва таржима асарлари яратган ўтмишдошларининг тажрибасини давом эттирган Лутфий, Саккокий, Атоий, Амирий, Гадоий ва Яқиний каби истеъдодли шоирлар ўзбек адабиётини равнақ топтириш билан бирга, ўзбек адабий тили тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшди. Аммо Навоий «Мажолисун нафоис»нинг иккинчи бобида кўрсатганидек, туркий тилда ижод қилувчи шоирлар сон жиҳатидан ниҳоятда оз эди: 90 шоирдан 16 таси туркийгўй экан. Бундан ташқари, кўпгина ўзбек шоирлари, Навоийнинг таъкидлашича, ўзбек тилининг бойлиги ва кенг имкониятларидан фойдаланишга кам эътибор берарди.

Қолаверса, шоир «Муҳокаматул-луғатайн» асарида ўзи тўғрисида гапириб, шеър ёзишни форс тилида бошлаганини айтади. Лекин тушуниш ёшига етиб, туркий тил ҳақида фикр юритиш эҳтиёжи туғилгач, унинг кўз ўнгида зебу зийнатлари сон-саноқсиз ўн саккиз минг оламдан ортиқ олам намоён бўлгани, фазилат ва етукликда чек-чагараси бўлмаган тўққиз фалакдан ортиқ фалак кўргани, дур ва гуллари юлдузлардан равшанроқ хазина ва гулшан учратгани, аммо бу оламга ҳеч кимнинг қадами етмагани ва қўли тегмагани ҳақида ёзади: “Чун мазкур бўлғон қоида билаким, адо топти – майл форсий сари бўлди. ... ўн саккиз минг оламдин ортуқ, анда зебу зийнат; ва сипеҳре табъга маълум бўлди, тўққуз фалакдин ортуқ, анда фазлу рифъат; ва махзане учради, дурлари кавокиб гавҳарларидин рахшандароқ; ва гулшане йўлуқти, гуллари сипеҳр ахтаридин дурахшан- дароқ; ҳарими атрофи эл аёғи етмакдин масун ва ажноси ғаройиби ғайр илги тегмакдин маъмун. Аммо махзанининг йилони хунхор ва гулшанининг тикани беҳадду шумор. Хайлга келдиким, ҳамоноки, бу йилонлар неши наштаридин табʼ аҳли хирадмандлари бу махзандин баҳра топмай ўтуптурлар ва кўнгулга андоқ эврулдиким, гўё бу тиканлар сарзаниши зараридин назм хайли гулдастабандлари бу гулшандин базм тузгуча гул иликлай олмай йўл тутубдурлар”.

Шу тариқа, «Бу тил дағал, унда юксак санъат асарлари яратиб бўлмай- ди», деган фикрига зарба бериш, ўзбек тилининг яшириниб қолған хазиналарини очиш ва уни илм аҳлига, шеър мухлисларига тушунтириш каби муҳим вазифани Алишер Навоий кўтариб чиқди.

Бобур айтмоқчи, “Алишербек назири ёқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас”.

Бинобарин, Яссавий, Рабғузий, Лутфий, Саккокий, Атоий, Гадоий сингари адиблар адабий тилнинг бошловчилари саналса, ҳазрат Навоий бу тилни камолотга етказди, юксак чўққига олиб чиқди. Араб тили илмий тил, форс-тожик тили бадиий адабиёт тили сифатида шуҳрат топган бир пайтда 30 тан ортиқ асарини ўзбек тилида ёзиб, ўзбек мумтоз адабий тилини ҳар тамонлама асослаб берди.

Иккинчидан, Навоийгача бўлган адабий тил тарқоқ ҳолда эди, ўғуз, қипчоқ, ўғуз-қипчоқ, қарлуқ каби. Навоий катта ҳудуддаги лаҳжаларни бирлаштириб, ягона адабий тил ҳолига келтирди, унинг тепасида ўзи турди. Мазкур тил узоқ йиллар давомида ўзбеклар ва атрофдаги бошқа туркий тиллар учун адабий тил сифатида хизмат қилди. Айни пайтда, мутафаккир “Фарҳод ва Ширин” достонида ушбу тил Хитойдан Хуросонгача, жумладан, Шероз ва Табризгача тарқалгани ҳақида маълумот бериб ўтади.

 Учинчидан, сўз мулкининг соҳибқиронига қадар бирор ижодкор тил назарияси билан шуғулланган эмас. Шоир умрининг охирги пайтларида жуда катта ҳаётий ва ижодий тажрибасини сарҳисоб қилаётган даврида, яъни 1499 йилда ёзилган «Муҳокаматул – луғатайн» рисоласида мутафаккир олтой тиллари оиласига кирувчи туркий, яъни ўзбек тили билан ҳинд-европа тилларига мансуб сарт (форсий) тилини фонетик, лексик ва грамматик жиҳатдан солиштириб, чоғиштирма тилшуносликка асос солди.

«Муҳокаматул-луғатайн» асари дастлаб сўз таърифи билан бошланади: сўз гўё дурдур. Дурнининг жойлашиш ўрни денгиз туби бўлса, сўзнинг жойлашиши ўрни кўнгил (хотира)дир. Дур ғаввос ёрдамида денгиз тубидан ташқарига чиқарилиб, жилвалантирилса ва ғаввоснинг қиймати жавҳарни жилвалантира олиш қобилиятига қараб белгиланса, сўз соҳиби ихтисос томонидан кўнгилдан ташқарига олиб чиқилади ва нотиқнинг қиймати сўз қўллаш маҳоратига, уни жилвалантириш қобилиятига қараб белгиланади. Денгиз қаърида ҳаракатсиз имконият тарзида турган дурлар ғаввос ёрдамида ҳаракатга келтирилса, кўнгил тубидаги имконият тарзидаги сўзлар ҳам сўзловчи томонидан нутқий жараёнда ўз жилвасини топади.

Бундан кўринадики, немис тилшуноси Вилгелъм Гумбольдт ва швейцариялик олим Ф.Соссюрдан анча олдин тил ва нутқ ҳодисаларини бир-биридан фарқлаган. Ачинарли томони шундаки, яқин-яқингача тил ва нутқ муносабати, бу икки ҳодисани бир-биридан фарқлаш номлари зикр этилган олимлар лингвистик таълимотининг асосини ташкил қилади, деб ҳисоблаб келинар эди.

Алишер Навоий «Чор девон», «Хамса», «Маҳбуб-ул қулуб», «Мажолисун нафоис», «Мезон-ул авзон» каби асарлари билан ўзбек адабий тилини амалий жиҳатдан исботлаган бўлса, «Муҳокаматул-луғатайн» асарида уни назарий жиҳатдан тушунтириб берди. Асар Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида, яъни ҳижрий 905, мелодий 1499 йилда ёзилган.

Асарда Навоий араб, туркий, форсий, ҳиндий тилларини келтириб, уларнинг ичида араб тили нафислиги ва бадиий безаги билан ажралиб туришини уқтириб ўтади. Сўнгра уч нав тил борки, булар асл ва мўътабардир, дея таъкидлайди. Кейинчалик, муаллиф туркий ва сарт тилининг қиёсий таҳлилига киришади.

Навоийнинг мазкур асарида қатор масалалар илгари сурилган.

Жумладан, Навоийнинг икки тилдаги луғатни бир-бири билан қиёсий тарзда ўрганар экан, форс-тожик тилида муқобили бўлмаган кўплаб ўзбек сўзларини келтиради.

Икки тилни қиёслар экан, Навоий ўзбек тилининг сўз ясалиш борасидаги бой имкониятини намойиш қилиб, ўзбек адабий тилининг грамматик меъёрларини белгилашда ҳам самарали ишлаган. Бу ихчам грамматик нормалар орқали янги сўзлар ҳосил қилиш, янги маъно ифодалашга эътибор берган.

«Муҳокаматул-луғатайн»да туркий халқ ва қабилалар, қавмлар тили, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ирқий ҳамда шевага хос манзара алоҳида тилга олинган. Етмиш икки тил, етти иқлимнинг ҳар бирида неча мамлакат ва вилоят борлиги, ҳар қайси мамлакатда қанча шаҳар, қасаба (қишлоқ), кент мавжудлиги, бу жойларда, даштларда, оролларда, дарё соҳилларида турли улус ва қабилалар яшаши, туркий тиллар, туркий лаҳжа ҳамда шевалар тўғрисида қайд этилади.  

Навоий даҳосининг қудрати шунда кузатиладики, у ўзининг амалий-бадиий фаолияти билан турли тил, лаҳжа ва шеваларга хос фонетик, лексик ва грамматик хусусиятларни умумлаштирди, муайян меъёрга солиб, сайқаллаштирди. Шу тариқа, ягона адабий тилга асос солиб, уни юқори чўққига олиб чиқди.

Мавзуга оид

Озодбек Назарбеков Туркияда “Мендирман Ж...

Маданият вазирлиги буюртмасига биноан турк кино ижодкорлари билан ҳамкорликда “Мендирман Ж...

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Рос...

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Фариданинг икки минг қўши...

«Маданий мерос» конгресси иштирокчилари ...

Тошкент шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистоннинг маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» анъа...

Сўнгги янгиликлар