Uz / Ўз Ru En

Toshkent

09/Декабрь/2020   Сиёсат

Авф — халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятлари ифодаси


ТОШКЕНТ, 9 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган  гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқаро афв этилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши бўлиши билан бир қаторда жазодан озод этилган маҳкумларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек, эл-юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишига яна бир имкон яратади.

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси:

— Фармон асосида қўлланилаётган афв ҳаётимизда жуда катта ўзгариш бўлади. Унга кўра, жами 63 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётгани муҳим воқеа. Бу билан 63 нафар маҳкум жамиятимизга қайтариляпти. Бу эзгуликдан ҳар бир фуқаронинг ортида турган оиласи, ота-онаси, фарзандлари, қавм-қариндоши, қўни-қўшнилари, улар истиқомат қиладиган маҳаллалардаги юзлаб одамлар баҳраманд бўляпти. Яъни ҳар бир оилада хурсандчилик, эртанги ҳаётга бўлган ишонч ортиб, хонадонларга барака киради.

Афв этилган фуқароларимиз, албатта, Президентимиз томонидан билдирилган жуда катта ишонч, берилган имкониятдан фойдаланиб, жамиятда ўз ўрнини топишига, қолаверса, бугунги бўлаётган ислоҳотларимизнинг фаол қатнашчисига айланишига ишонамиз.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати:

— Бугунги кунда давлатимиз раҳбари шахснинг озодликдан маҳрум этилиши билан боғлиқ бўлган ҳар бир шароитга алоҳида ёндашиб, ушбу шахснинг оила, маҳалла ва ҳудуддаги яшаш шароитини ҳисобга олган ҳолда эътибор кўрсатмоқда.

Бу эса инсонпарварликнинг юксак ифодасидир. Бугунги кунда ҳар бир инсонда афв сўраш имконияти бор. Суд жараёни ўтиб, ҳукм чиқарилганидан кейин ҳам кечирим эълон қилиниши мумкин. Бундай норма жаҳон тажрибасида мавжуд, аммо бизнинг юртимизда ундан янада кенгроқ фойдаланилмоқда. Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, давлатимиз раҳбари ушбу норманинг амалга ошишига кенг йўл очиб берди. Жиноят содир этган шахс ўз айбини бўйнига олиб, пушаймонлик ҳиссини билдирса, унга нисбатан афв этиш чораси қўлланилиши муқаррар бўлди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллик байрами муносабати билан халққа йўллаган табригида конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётгани хусусида алоҳида тўхталди.

Афв институтини қўллаш борасидаги ишларнинг изчил давом эттирилаётгани натижасида шу йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 дан ортиқ шахс афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилингани, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасидаги ғоянинг тизимли равишда амалга ошаётганига яққол далилдир.

Шаҳноза Холмахаматова,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Мазкур фармон янги тараққиёт даврида юртимизда   инсонпарвар, ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидаги ислоҳотларнинг давлатимиз раҳбари томонидан  ҳаётимизга нечоғли улкан миқёс ва кенг кўкламларда тадбиқ этилаётганининг навбатдаги ўзига хос кўринишидир.

Зотан жиноят учун жазо муқаррарлигини англаган, тузалиш йўлига ўтган, Президентга илтимоснома билан мурожаат қилган, жазони ижро этиш муассасаларидаги ҳар бир маҳкумни индивидуал ўрганиб, соғлиғи, оилавий ҳолати чуқур таҳлил қилинмоқда. Маҳкум рўйхатдан ўтган маҳалла вакиллари тавсифномалари ҳисобга олиниб, авф этиш ва уларни ижтимоий ҳаётга мослашиб, ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун шароит яратилмоқда. Шу маънода давлатимиз раҳбари афв этилганларнинг ижтимоий мослашуви билан шуғулланиш ҳақида топшириқ бергани жуда муҳим.

Яна бир гап. Бу оқилона қадам Президентимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этиш борасида барчамизга ўрнак бўлаётганининг ёрқин намунасидир.

Хулоса қилиб айтганда, фармонни ўқиган ҳар бир киши унинг замирида қалб амри, давлат раҳбарининг халқимизга бўлган  меҳри, ғамхўрлиги мужассамлигини кўради. Бу албатта, фуқароларимизнинг янада бир бутун бўлиб жипслашишига, эртанги кунга ишончи ортишига, жамиятимизда меҳр-оқибат фазилати кучайишига хизмат қилади.

Мавзуга оид

Сенат Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчисини...

Сенаторлар Феруза Йўлдошевна Махмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва м...

Ўзбекистон Президенти бугун Ёшлар форуми...

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этади...

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринч...

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўрибосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация...

Сўнгги янгиликлар