Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Июнь/2021   Долзарб

Буюк аждодларимизнинг бой мероси — ибрат кўзгуси


ТОШКЕНТ, 21 июнь. /«Дунё» АА/.  Маънавий-маданий ва диний-маърифий билимларнинг давлат ва жамият тараққиётида, келажак авлод таълими ва тарбияси ҳамда камолотидаги ўрни ва аҳамияти, шубҳасиз,  беқиёсдир. Сўнгги беш йил давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида бу йўналишда ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Aқида, Ҳадис илми мактаблари ва, албатта, кўплаб янги бунёд этилган масжидлар фаолияти бу фикрни тасдиқлайди.

Мухбиримиз буюк мутафаккирлардан бири – бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридий қолдирган бой меросни ёш авлодга етказиш мақсадида мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Мақсудов билан ушбу марказ фаолияти ва мотуридийлик таълимотининг маънавий-маърифий ҳаётимиздаги ўрни хусусида суҳбатлашди.

- Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 11 августдаги «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.

Марказ буюк мутафаккир, мотуридийлик таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида ташкил этилганини қайд этиш жоиз.

-  Имом Мотуридийнинг бой меросини, хусусан, алломанинг соф ислом арконлари ҳақидаги таълимотини ўрганиш қай даражада ривожланмоқда?

- Мустақилликнинг илк йилларида мотуридийлик таълимоти диний таълим муассасаларида ўқитиб келинган бўлса, бугунги кунга келиб, мазкур марказ олдига Имом Мотуридийнинг номини кенг жамоатчиликка халқчил тилда етказишдек муҳим вазифа қўйилган. Айни вақтда Марказнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мотуридийшунослик соҳасидаги илмий натижаларни оммалаштириш, яъни халққа етказиш ишлари амалга оширилмоқда. Умид қиламанки, илгари Имом Мотуридий ҳақида мутахассисларгина етарли маълумотга эга бўлган бўлсалар, бугунги кунга келиб Марказнинг фаолияти натижасида халқ орасида ҳам Имом Мотуридий номи тобора кенг миқёсда танилиб бормоқда.

Бугунги кунда халқимиз Имом Мотуридий тимсолида буюк мутафаккир, қомусий олим, мотуридийлик таълимотининг асосчиси, ислом фалсафасига билиш назариясини илк бор татбиқ этган, ўз даврида турли бидъатчи оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши маърифат билан курашган алломани кўради. Биз учун Имом Мотуридий барча мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлиги тимсоли бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳозирги пайтда мотуридийлик таълимоти ривожининг янги босқичи бошланди, десам сира муболаға бўлайди. Чунки давлат ҳам, одамлар ҳам бунга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, ушбу таълимот Ўзбекистон бўйлаб кенг ёйилган, илм аҳли уни тарғиб қилишга астойдил интилмоқда. Тўғри, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти ҳақида барча юртдошларимиз етарли маълумотга эга бўлмаслиги мумкин. Бироқ бу вақтнинг иши. Агар амалга ошираётган ишларимизда бардавом бўлсак керакли натижаларга албатта эришамиз.

Шу ўринда яна бир нарсага эътибор беришимиз керак. Муҳтарам Президентимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар минбаридан туриб муқаддас Ислом дини софлигини таъминлаш, буюк аждодларимиз меросини  тарғиб этиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Туркий кенгаш доирасида билдираётган ташаббуслари бизни беҳад қувонтиради. 

Умуман олганда, мотуридийлик таълимоти нафақат туркий тилли халқлар, балки барча мусулмонларнинг бирлашиши, жипслашишида муҳим ўрин тутади.

- Бугунги кунда Ислом дини ниқоби остида фаолият олиб бораётган сохта гуруҳлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Имом Мотуридий таълимоти халқимизни, хусусан, ёшларни бизга ёт бўлган турли ғоялардан асрашда нажот йўли бўлиши мумкинми?

- Жуда муҳим ва қизиқарли савол бўлди. Тарихга назар ташласак, адашган оқимлар илк ислом даврида вужудга келганини кўриш мумкин. Жумладан, хорижийларнинг фаолиятини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Шундан сўнг мўътазилийлик, жаҳмийлик, мужассима, мушаббиҳа, қадарийлик, жабарийлик каби қатор оқимлар ҳам юзага келган. Улар ислом манбалари саналган Қуръон ва суннани бузиб талқин қилган. Натижада ягона бўлган Қуръон ва ҳадисларни бошқача тушунишлар пайдо бўлган, бу эса бир эътиқоддаги диндошларнинг бўлиниши, бир-бирига адоватда бўлишига олиб келган.

Ишончим комилки, бунда, авваламбор, билимсизлик ва динни яхши билмаслик каби сабаблар бор.

Имом Мотуридий, Имом Ашъарий ва бошқа шу каби буюк ислом мутафаккирларининг амалий саъй-ҳаракатлари, жаҳолатга қарши маърифат асосида, яъни деструктив ғояларга қарши раддия услубидаги китобларни ёзиш билан қарши курашиш, оддий халққа соф ислом таълимотини етказиб беришда жонбозлик кўрсатиш орқали юқорида санаб ўтилган оқимларнинг фаолиятига чек қўйдилар.

Бугунги кунда ҳам турли экстремистик ва террористик оқимларнинг бузғунчи ишларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, ҳизбут-таҳрир, ИШИД, сохта салафийлик, ваҳҳобийлик ва бошқа шу каби гуруҳлар мусулмонлар орасида ирқий, миллий, диний низоларнинг юзага келишига, эътиқодда бўлинишларнинг пайдо бўлишига, умуман, қирғинбарот қон тўкишларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ислом чинакам инсонпарвар ва тинчликпарвар дин бўлиб, унда зўравонлик ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўриниши қатъий қораланган. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни далил қилиб келтириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, мазкур адашган оқимларнинг муқаддас динимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айни вақтда марказ ҳам жаҳолатга қарши маърифат асосида, яъни Имом Мотуридий ва унинг издошлари бу борада қўллаган услуб ва усулларнинг замонавий талқини орқали кураш олиб боришни йўлга қўйишга интилмоқда.

Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридий йўллари туркий миллатлар учун нажот бўла олиши масаласига тўхталсак, сир эмас, тарихда ушбу зотларнинг тутган йўллари мусулмон миллатларининг бирлашишига сабаб бўлган эди.  Бугунги кунда ҳам шундай бўлишига ишончимиз комил.

Имом Мотуридийни нафақат ислом илмларини чуқур эгаллаган етук аллома, балки дунёвий илмлардан ҳам хабардор бўлган қомусий олим, буюк мутафаккир сифатида эътироф этиш лозим. У диний илмлар билан бир қаторда дунёвий фанларда ҳам самарали илмий фаолият олиб борган. Жумладан, унинг калом илмига биринчилардан бўлиб билиш назариясини киритиши, ўз таълимотида ақлга алоҳида ўрин бериши фикримизнинг далили бўла олади. Бироқ, менимча, уни фақатгина мутафаккир олим сифатида эътироф этиш тўғри эмас. Агар олимнинг илмий меросига назар ташлайдиган бўлсак, у «Таъвилот ал-Қуръон», «Китоб ат-тавҳид» каби ақида илмига бағишланган асарлар ёзганини кўрамиз. Бу эса унинг ақида соҳасида етук олим ва имом бўлганини кўрсатади.

Бутун дунё Имом Мотуридийни нафақат буюк имом сифатида, балки жаҳонда кенг тарқалган икки ақидавий йўналишдан бири – мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида ҳам эътироф этаётир.

Ўзбекистонда барча юртдошларимиз Имом Мотуридийни асосан буюк ақида имоми сифатида биладилар ва унга шу нуқтаи назардан қарайдилар. Шу боис деярли барча Имом Мотуридий асос солган ақидавий таълимотга эргашиш лозим, деб ҳисоблайдилар.

- Имом Мотуридий асос солган таълимот ҳақида муштарийларга  мухтасар маълумот берсангиз.

- Таъкидлаш лозимки, Имом Мотуридий асос солган таълимот пайдо бўлган даврдан ҳозирги кунга қадар реал ҳаётда амалий аҳамиятга эга бўлиб келган. Маълумки, ислом динида эътиқодда адашган тоифалар, бузғунчи гуруҳлар бугун пайдо бўлиб қолмаган. Уларнинг ғоявий илдизи илк ислом тарихига бориб тақалади. Ўз даврида забардаст ислом уламолари бундай оқимларга илмий асосланган раддияларни билдирган, уларга қарши маърифат билан курашган. Имом Мотуридий ҳам бу борада пешқадамлардан бири бўлган, шу сабабли ҳам у «мусаҳҳиҳ эътиқод аҳли сунна» деб аталганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Ушбу мактаб вакиллари IX асрдан буён айнан ақида борасидаги ихтилофларга жавоб бериш ва мўътадил таълимотни ёйиш бўйича самарали ишларни амалга ошириб келмоқда. Бизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эса уларнинг фикрларини замонавий талқинлар асосида жамоатчиликка етказишдан иборат.

Умуман, мусулмонлар мотуридийликдек мўътадил таълимотга муҳтож. Чунки ушбу таълимот маёқ каби мусулмонларга тўғри йўналишни кўрсатиб туради ва уларнинг аҳли сунна таълимоти доирасида жипслашишига ва бирлашишига хизмат қилади.

Марказ ва соҳа мутахассислари ҳозирги пайтда мумтоз асарларни ўрганиш билан бир қаторда замонавий ахборот етказиш воситалари саналган ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали мўътадил таълимотни етказиш зарур, деб ҳисоблайди.

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Суҳбатни Жобир Хўжақулов ёзиб олди.

«Дунё» АА.

Мавзуга оид

Покистондан муносабат: Исломобод учун Ўз...

Ушбу фикрни Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис, Исломобод «Баҳрия» университети ...

Тожикистон элчиси Содиқ Имомий: Ўзбекист...

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имомий бугун давлатимиз раҳбари раислигида бўли...

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми:...

Ушбу халқаро форумнинг асосий ташкилотчиси бўлмиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Респуб...

Сўнгги янгиликлар