Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Октабрь/2020   Жамият

Хитойда “Тил – миллат яхлитлиги ва барҳаётлиги кўзгуси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди


ПЕКИН, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан “Тил – миллат яхлитлиги ва барҳаётлиги кўзгуси” мавзусида видеоконференция шаклидаги тадбир ташкил этилди. Унда Хитойда бўлиб турган ватандошлар, Чин юртининг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар ҳамда элчихона ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 октябрда қабул қилган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳияти, унинг тарихий аҳамияти ҳамда 21 октябрь куни кенг миқёсда, кўтаринки руҳда нишонланган “Ўзбек тили байрами” кун ҳақида сўз юритилди.

Унда миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш борасида сўнгги йилларда самарали ишлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсда тутган обрў-эътиборини тубдан оширади, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги турли миллат ва элат тилларини сақлаш, уни ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун зарур шароит яратишга имкон бериб, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаб берди. Ушбу муҳим ҳужжат билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқлангани ҳам видеоконференция иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбирда ҳар бир давлатнинг равнақ топишида миллат ва халқ қадриятлари тимсоли бўлган она тили, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеи мустаҳкам ўрин тутиши, ушбу муҳим маънавий-маърифий байрам нафақат Она юртимизда, балки дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳам муносиб тарзда нишонлангани хусусида атрофлича фикр юритилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатимиз ҳаётида улкан тарихий воқелик бўлгани ва унда она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилгани, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани эса она тилимизга бағишланган байрамни фақат юртимиздагина эмас, балки дунёнинг турли давлатларида ҳам кенг нишонлашга муҳим туртки берганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, видеоконференция чоғида ушбу қутлуғ байрам арафасида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

Тадбир чоғида назм мулкининг султони, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши қайд этилди, унинг қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқилди. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ташаббуси билан Алишер Навоий шеърлари тўплами хитой тилида алоҳида китоб шаклида чоп этилгани ҳақида тадбир қатнашчиларига маълумот берилди.

Видеоконференция доирасида юртимиз олимлари томонидан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” яратилгани, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида 5 жилддан иборат ушбу луғат яқинда Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриётида нашрдан чиққани тўғрисидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига тақдим этилди.

Ушбу луғатда ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингга яқин сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, бир неча шевада қўлланадиган сўзлар, баъзи тарихий ва эскирган атамалар ўз аксини топгани қайд этилди.

Тадбир сўнгида ватандошларимизни қизиқтирган саволларга дипломатик ваколатхонамиз ходимлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон таълим тизимини баҳолашда Фин...

Ўзбекистон таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакиллари Финляндия таълим сиф...

Танзила Норбоева: “Тор доирадаги шахслар...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишла...

Тошкентда анъанавий табобат маркази очил...

Жорий йил 15 июнь куни мамлакатимиз пойтахтида Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат марказ...

Сўнгги янгиликлар