13/Август/2020 Долзарб
АМСТEРДАМ, 13 август. /«Дунё» АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми халқаро ижтимоий-сиёсий ва эксперт доираларнинг катта қизиқишга сабаб бўлиш билан бирга, чет элдаги ватандошларимизни ҳам бефарқ қолдирмаяпти.
Жумладан, Нидерландияда истиқомат қилаётган ҳамюртимиз, журналист, телебошловчи ва медиа тадқиқотчи Дилбар Файзиева “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда ушбу муҳим тадбир ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади, — дейди у. — Бу мамлакатни олдинга етаклайдиган ва ривожланишнинг янги босқичини таъминлайдиган катта кучдир. Албатта, ёшлар ўз фикрларини билдириши, ташаббуслар кўрсатиши ва жасоратли ижодий, илмий ғояларни амалга оширишда уларга ҳеч нарса тўсиқ бўлмаслиги учун ҳуқуқ эркинликларини таъминлаш муҳимдир.
Ёшлар ҳуқуқларига оид энг долзарб масалалар инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида юқори даражада муҳокама қилинаётганидан хурсандмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда яшаётган миллионлаб йигит-қизлар, балки дунё бўйлаб миллиардлаб ёшлар учун ҳақиқатан муҳим аҳамиятга эга.