Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Май/2021   Иқтисодий дипломатия

ИТСВ: Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди


ТОШКЕНТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Франция ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик масалалари бўйича вазири Франк Риестер раислигида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги  (ИТСВ) маълум қилишича, унда Франция идоралари, йирик компания ва банкларининг 50дан ортиқ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон томонидан тегишли вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир кун тартиби билан саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хўжалиги, туризм, транспорт ва бошқа соҳаларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларини қамраб олинди.

Франция делегацияси раҳбари Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган тизимли ўзгаришларнинг динамикаси ва самарадорлигига юқори баҳо берди ҳамда Франциянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири сифатида Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойидаги Францияга ташрифи Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг тубдан янги босқичга кўтарилишига асос бўлганлиги ва у давомида эришилган келишувлар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро яқин ва мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги туфайли муваффақиятли амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Йиғилишнинг асосий мавзуси инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари бўлди. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасида Франция капитали иштирокидаги 44та корхона қурилиш, туризм, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётгани маълум қилинди. Хусусан, «Airbus», «Total Eren», «Eiffage», «Thales», «Vinci», «Rungis», «Orano», «Suez», «Leroy Merlin», ֿ«Sanofi», «Fives» каби йирик француз компаниялари ҳамда “Natixis”, “Credit Agricole” и «Bpifrance» банклари билан лойиҳаларни амалга оширишда эришилган натижалар таъкидланди.

Шунингдек, муқобил энергетика, геология-қидирув, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм, банк-молия соҳаларида инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида ҳам салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Алоҳида тартибда Франция компанияларини Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш дастурида иштирок этиш учун жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида томонлар ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма амалий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда савдо айланмасини ошириш ишларини давом эттиришга келишиб олди. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Франциянинг тўғридан-тўғри инвестиция ва технологияларини жалб этиш борасида навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув қатнашчилари келгусида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларни бериш ва энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё саноати, фармацевтика ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни тақдим этиш имконига эга бўлди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Франция Республикаси Ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик вазирлиги ўртасида 2021-2030 йилларга мўлжалланган икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик учун «Йўл харитаси», Франция тараққиёт агентлиги билан 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, «Белдирсой-Чимён-Нанай» халқаро умуммавсумий курортини яратиш лойиҳасини молиялаштириш бўйича молиявий баённома, «Suez» компанияси томонидан амалга оширилаётган Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида молиявий баённома, «Total Eren» компанияси томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва «Proparco» Франция тараққиёт агентлиги бўлинмаси билан биргаликда Самарқанд вилоятида қуёш электр станциясини қуриш бўйича молиявий битим, шунингдек, Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда Франция компаниялари ўртасидаги ҳамкорликка оид қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Мавзуга оид

Транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбе...

Халқаро автомобиль транспорти бўйича Ўзбекистон – Латвия қўшма комиссиясининг навбатдаги й...

Германия компанияларининг чорвачилик ва ...

Мамлакатимизнинг Франкфурт (Германия)даги Бош консулхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи...

Эрон компанияси Фарғонада йирик кимёвий ...

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Эроннинг “Gharavi Chemical Industries Group” компа...

Сўнгги янгиликлар