11/Январь/2023 Жамият
ТОШКЕНТ, 11 январь. /«Дунё» АА/. Бадиий академия томонидан Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Менинг армиям – менинг фахрим!» мавзусидаги ижодий ишлар кўргазмаси иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ижодий ишлар танлови ватанпарварлик, Ватанга ва ҳарбий қасамёдга содиқлик, Қуролли Кучлар салоҳиятини ва ҳарбий хизмат ҳамда ҳарбий бурчини тасвирлаш каби йўналишлар бўйича таниқли рассом ва ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад Ватан ҳимоячиларининг тимсолини яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти ва ўрни, халқимизнинг тинчлиги, юртимиз фаровонлигида ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссасини кенг тарғиб этишдан иборатдир. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар ўртасида илгари сурилган муҳим 5 ташаббус доирасида ёшларнинг санъатга, рассомчиликка бўлган қизиқишларини ошириш ҳам танловдан кўзланган мақсадлар сирасига киради.
Кўргазма ва унинг доирасидаги ижодий танлов профессионал ва ҳаваскорлик йўналишларида ўтказилди. Танловда қатнашиш учун ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги тасвирий санъат ва графика йўналишлари бўйича 300 дан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинди. Ижодий ишлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган профессионал ижодкорлар, ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Танловда 300 га яқин ижодий иш 170 нафар муаллиф томонидан намойиш этилди.
Кўргазманинг очилиши ва ғолибларни тақдирлашга бағишланган тадбирга Мудофаа вазирлиги, Бадиий академия мутасаддилари, рассомлар, ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари таклиф этилди.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари, Мудофаа вазирлиги оркестрлари жамоаси иштирокида концерт намойиш этилди.