08/Февраль/2023 Саналар
ОҚТОВ, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонасида буюк аждодларимиз – Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган куннинг 540 йиллигига бағишланган «Навоий ва Бобур – дўстлик ва муҳаббат куйчилари» мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Оқтов шаҳридаги «Пахтакор» ўзбек этномаданий бирлашмаси фаоллари, Манғистау вилоятида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ва Есенов номидаги Каспий давлат технологиялар ва инжиниринг университетида таҳсил олаётган ватандошларимиз иштирок этди.
Буюк аждодларимиз Навоий ва Бобур ҳаёти ҳамда серқирра ижоди, бебаҳо мероси, уларнинг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.
«Пахтакор» ўзбек этномаданий бирлашмаси раиси Рустам Тиллаев Навоий ва Бобур ижоди ҳақида фикр юритар экан, уларнинг асарларида маънавий поклик, халқпарварлик, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғоялари бош мавзулар бўлгани, буюк бобокалонларимиз келажак авлодларга беқиёс бадиий-фалсафий ва илмий-маънавий мерос қолдирганини таъкидлади.
Каспий давлат технологиялар ва инжиниринг университетида таҳсил олаётган Шохрух Аллаяров ва ватандошимиз Марина Ауезимбетова томонидан ўқиб берилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар йиғилганлар томонидан самимий кутиб олинди.
Тадбир иштирокчиларига ўзбек тилидаги электрон китоблар тўплами тақдим этилди.