29/Ноябрь/2022 Ҳамкорлик
СЕУЛ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон адлия вазири Акбар Ташқулов ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси амалий сафар билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Сафар давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, хусусан, меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор икки томонлама музокаралар ташкил этилди.
Жумладан, кеча мамлакатимиз вакилларининг Корея Республикаси адлия вазири Хан Донг Хун ва Корея иммиграция хизмати комиссари Лее Жае Ю билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида ишчиларни Е-8 визаси асосида ишга ёллаш, Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга кириб бориши тизими, меҳнат визалари асосида турли соҳаларга ишга жалб қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.