19/Декабрь/2021 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ хабарига кўра, учрашувда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсат, иқтисодиёт, рақамлаштириш ва маданий-гуманитар йўналишдаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, таҳдид ва хатарларга биргаликда қарши курашиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Абдулазиз Комилов ўз нутқида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” шаклидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятидан янада тўлиқроқ фойдаланиш, икки минтақанинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, жумладан, барқарор савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш, маҳсулотларни Ҳиндистон ва Марказий Осиё бозорларига олиб кириш учун “яшил йўлак” ташкил қилиш, АКТ-мутахассислари учун платформа яратиш муҳимлигини такидлади.
Минтақавий ривожланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Мулоқотда иштирок этувчи ҳар бир давлатда навбат билан йиллик тадбирларни ўтказадиган “Ҳиндистон ва Марказий Осиёдаги таҳлилий марказлар форуми” таҳлилий платформасини ташкил этиш таклиф этилди.
Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Бу давлатнинг халқаро яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун унга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шўъба сессиялари доирасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг биринчи вазирлар учрашуви 2019 йилнинг январь ойида Самарқанд шаҳрида, иккинчиси онлайн шаклда 2020 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган эди.