Uz / Ўз Ru En

Toshkent

13/Апрель/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Ўзбекистон элчиси: «GSP+» мақомини олиш Ўзбекистон тўқимачилик саноатига Европа бозорига экспорт ҳажмини камида 300 миллион долларга кўпайтиришга имкон беради


БРЮССЕЛЬ, 13 апрель. / «Дунё» АА /. Кеча Ўзбекистон элчиси Дилёр Ҳакимов Брюссель пресс-клубида «Ўзбекистоннинг «GSP+» бенефициари мақомини олиши: Ўзбекистон-Европа муносабатларининг истиқболлари» мавзусида маъруза қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистоннинг «GSP+»нинг бенефициари мақомини олиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишбилармонлик муҳити ва меҳнат шароитларини яхшилаш, суд тизимини такомиллаштириш, маъмурий масъулият ва самарадорликни юксалтириш ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эътирофи экани алоҳида қайд этилди. Бу, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳаларидаги изчил ижобий ривожланишдан далолат беради.

Ўзбекистон «GSP+» бенефициари сифатида амалдаги «GSP» стандартларига нисбатан кўпроқ иқтисодий манфаатга эга бўлиши алоҳида таъкидланди. Тарифларнинг бекор қилиниши экспорт ҳажмининг ўсиши ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб қилиш имкониятларини тақдим қилади. «GSP+» доирасида барқарор ривожланиш бўйича мажбуриятлар ижроси Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли иқтисодий шерик сифатида мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хусусан, «GSP+» мақоми Ўзбекистон тўқимачилик саноатига Европа Иттифоқи бозорига экспорт ҳажмини йилига камида 300 миллион АҚШ долларигача кўпайтириш имконини беради. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё, рангли металлар ва иқтисодиётимизнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқарилган 6 минг 200 турдаги маҳсулотни Европа Иттифоқи мамлакатларига божсиз экспорт қилиш мумкин бўлади.

Шу маънода, «GSP+»  нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки мамлакатимизнинг турли соҳалардаги фаолиятини такомиллаштириш, замонавий стандартлар ва технологияларни жорий этиш, зарур билим ва кўникмаларни эгаллаш, юқори сифат даражасини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистоннинг «GSP+»га қўшилиши икки томонлама муносабатларда муҳим воқеа бўлди. Бу нафақат мамлакатимиз, балки Европа Иттифоқи учун ҳам манфаатлидир. Европа Иттифоқига маҳсулот экспорт қилиш учун халқаро талаблар ва сифат даражасига қатъий риоя қилинади. Шу сабабли Европа бизнеси ва ишлаб чиқарувчилари энди мамлакатимизга бутунлай бошқача муносабатда бўлади.

Элчи Ўзбекистоннинг «GSP+»га қўшилиши нафақат икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи халқларига манфаат келтиришига ишонч билдирди.

Мавзуга оид

Эронлик олим Ўзбекистон элчихонасига «Бо...

Кеча Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасида Эрон Форс тили ва адабиёти академияси раисинин...

Покистонда Ўзбекистон маҳалла институти ...

Мамлакатимиз элчихонада 22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан брифинг ў...

Ўзбекистон ва Япония стоматология соҳаси...

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан Тошкент давлат стоматология институти ҳамд...

Сўнгги янгиликлар