Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

01/Декабрь/2022   Долзарб

Ўзбекистон Конституцияси – эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати

ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун пойтахтимизда «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати» мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Шуни қайд этиш керакки, давлат ва жамият ҳаётининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолати вазифасини ўтовчи Конституция – нафақат давлатчиликнинг муҳим рамзи, балки ҳар бир халқнинг миллий ғурури ва ўз-ўзини ҳурмат қилишининг ҳуқуқий тимсоли ҳамдир.

Шу боис мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойи бошида Конституция декадасини нишонлаш одат тусига кирган. Бу йил Асосий қонунимизнинг 30 йиллиги тантаналари конституциявий ислоҳот жараёнлари билан уйғунлик ва ҳамоҳанглик касб этмоқда.

Умумхалқ муҳокамаларида фуқаролар томонидан келиб тушган 160 мингга яқин таклифлар асосида Ўзбекистон Конституциясининг 76 та моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунни 15 та янги модда ва 1 та янги боб билан тўлдириш режалаштирилган.

Бугун бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати» мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида ҳам шу ҳақда сўз борди.

Конституциямизнинг 30 йиллигига бағишланган ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ва Тошкент Давлат транспорт университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуман доирасида ўтган йиллар мобайнида Асосий қонунимизнинг босиб ўтган йўли хусусида фикр алмашилди. Шу мақсадда ялпи мажлис ва бир нечта шўъбадан иборат йиғилишларда қизғин муҳокамалар ўтказилди.

Ялпи мажлисда Конституциявий комиссия раиси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти қошидаги Ўзбекистонда юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси, Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этиш тадқиқотлари маркази директори Шуҳрат Яқубов маъруза қилди.

Конференцияда Ўзбекистон Конституциясининг жамият ва давлат ҳаётини янги босқичга кўтаришдаги роли алоҳида таъкидланди. Хусусан, таълим тизимида Конституцияни ўрганишнинг назарий ва амалий жиҳатлари, халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликнинг ўзаро таъсири муаммолари таҳлил қилинди.

Сўзга чиққанлар Конституциямизнинг миллий давлатчиликни шакллантиришдаги ўрни, ижод эркинлигининг конституциявий асослари, конституциявий нормаларнинг амалий ижросини таъминлашнинг устувор йўналишлари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

Республика илмий-амалий конференцияси доирасида беш жилдлик «Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси» китобининг уч жилди, «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари» ва «Жаҳон Конституциялари» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Давлат ва ҳуқуқ институти ходимлари томонидан тайёрланган ушбу нашрлар конституциявий-ҳуқуқий саводхонликни оширишда муҳим аҳамият касб этади», дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази манбасида.

Мавзуга оид

Эрондан муносабат: Устувор лойиҳаларни м...

Эронлик инвестор, «AMS Industrial Group» раиси, Эрон Ёшлар савдо-саноат палатаси аъзоси Бе...

Владимир Соколин: форум якуни бўйича қаб...

«Барқарор ривожланишга эришиш мақсадларини амалга оширишда глобал парламентлараро ҳамкорл...

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги са...

Замонавий Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган муҳим ўзгариш ва янгиланишлар Хитойнинг етакчи ...

Сўнгги янгиликлар