Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

07/Май/2022   Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги

Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори: «Тошкент — 2022» форуми ШҲТ Халқ дипломатиясининг тараққиёт тарихида муҳим саҳифани очиб беради

ТОШКЕНТ, 7 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов «Дунё» АА учун интервьюсида пойтахтимизда  бўлажак «Халқ дипломатияси –тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик» мавзусидаги ШҲТ Халқ дипломатияси форуми («Тошкент – 2022»)нинг  асосий мақсадларини шарҳлади.


 -Ўзбекистон Республикаси ШҲТ доирасида Халқ дипломатиясидан кенг фойдаланиш масалаларини фаол илгари сураётган давлатлардан бири ҳисобланади. Шуни таъкидлаш жоизки, бу охирги йилларда мамлакатимиз олиб бораётган очиқлик ва кенг ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсий фаолият стратегиясининг бевосита маҳсулидир.

 ШҲТга аъзо давлатлар жойлашган минтақа азалдан жаҳон цивилизациялари чорраҳаси бўлиб келган. «Буюк Ипак йўли» номи билан тарихга кирган қитъалараро транспорт, савдо, маданий ва илмий алмашувлар йўли бу маконда тараққиётнинг ўзаро боғлиқ шаклланишини белгилаб берган.

ХХ аср бошида Евроосиёнинг катта бир қисмида ШҲТ ташкил топиши ва ривожланиши ушбу қадриятлар асосида замонавий ҳамкорлик модели юзага келишига туртки бўлмоқда. ШҲТ мамлакатлари халқлари ўртасида бу тарихий яқинлик бугун ташкилот доирасида маданий ва гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланишига хизмат қилаётир.

Турли халқлар ўртасидаги муносабатларда муҳим аҳамият касб этаётган ва кейинги пайтларда халқаро муносабатларда кенг қўлланилаётган халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш истаги ШҲТнинг «генетик коди»га киритилган, дейиш мумкин. Ташкилотнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ яқин тарихга назар ташлаш бу ҳолатни теран тушуниб олиш имконини беради.

Маълумки, ШҲТ дастлаб 1990 йилларда собиқ Совет иттифоқининг парчаланишидан кейин Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон чегаралари билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Бунга ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ушбу давлатлар ўртасида фаолият кўрсата бошлаган дўстлик жамиятлари ҳам муҳим туртки бўлган.

Қолаверса, «Шанхай руҳи»нинг асл моҳияти халқ дипломатияси илгари сурадиган ғоялар билан ҳамоҳангдир. Булар ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби асосий қоидалардир.

Ўзбекистон Республикаси - ШҲТ доирасида халқ дипломатиясидан кенг фойдаланиш масалаларини фаол илгари сураётган давлатлардан бири. Таъкидлаш жоизки, бу охирги йилларда мамлакатимиз олиб бораётган очиқлик ва кенг ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсий фаолият стратегиясининг бевосита маҳсулидир. Хусусан, Ўзбекистон Президенти ташкилотнинг 2017 йил Остонада бўлиб ўтган саммитида ШҲТ доирасида халқ дипломатияси институтларини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги қарори билан Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди. Мана, қарийб тўрт йилдирки, ушбу марказ ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро алоқалар ва маслаҳатлашувларни мустаҳкамлашга, англашув ва ишончни кучайтиришга, узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Ўтган йилдан буён ташкилот доирасида халқ дипломатияси мавзусига бағишланган йирик тадбирлар ўтказиш анъанаси бошланди. 2021 йилнинг июнида Хитой Халқ Республикаси раиси ташаббуси билан Ухань шаҳрида онлайн шаклда илк марта ШҲТ Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтди. Тадбир доирасида «Савдо ва тижорат соҳаларидаги ҳамкорлик», «Тараққиёт йўлида маърифатли жамият», «Биродар шаҳарлар», «Соғлиқни сақлаш», «Қишлоқ жойларини ривожлантириш ва қашшоқликка барҳам бериш» мавзуларида кенг фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Бу анъанани давом эттириш ҳамда ШҲТ доирасида халқ дипломатияси институтининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан шу йил 11-12 май кунлари Тошкент шаҳрида ШҲТ Халқ дипломатияси иккинчи форуми ўтказилиши белгиланган. Бу Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида киритилган энг муҳим тадбирлардан бири. Анжуманда кўплаб хорижлик сиёсий арбоблар, парламент аъзолари, фуқаролик институтлари вакиллари ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Ишончимиз комилки, «Тошкент — 2022» форуми ШҲТ Халқ дипломатиясининг тараққиёт тарихида муҳим саҳифани очиб беради.

 

 

Мавзуга оид

Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатларнинг ёш о...

Ўзбекистон Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар илм-фан...

Россия ташқи ишлар вазири Тошкентга келд...

Кеча тунда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ташриф билан Тошкентга келд...

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар қишлоқ хў...

Бугун Тошкентда Ўзбекистон томони раислигида гибрид форматда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига ...

Сўнгги янгиликлар