Uz / Ўз Ru En

Toshkent

04/Декабрь/2020   Долзарб

Рустам Ҳотамов: Конституциянинг қонунийлик принципи — ҳар бир ички ишлар ходими фаолиятининг ажралмас қисмидир


ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Ҳотамов Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Конституция менинг ҳаётимда» акцияси саволларига жавоб йўллади.

Конституция Сиз учун нимани англатади?

— Мен учун Конституция бу – давлатнинг Асосий қонуни.
У давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб берувчи қомусий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бирга, Конституция - ҳар бир халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва келажакка бўлган орзу-умидлари ифодаси бўлиш билан бирга давлатнинг асосий белгиларидан биридир. Бош қомусимизнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият сифатида эътироф этилган.

Демак, Конституция фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий бирлигини таъминлайдиган, халқни ҳалқ, миллатни миллат қилишга, эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий этишига хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжатдир.

— Конституциявий ҳуқуқларингизни тўлиқ биласизми? Ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга тўғри келганми?

— Конституцияга мувофиқ, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси билим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, илмий ва техникавий ижод қилиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ва сайловларда иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга.

Саволнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, мен ўзимнинг конституциявий ҳуқуқларимдан доим фойдаланиб келаман.
Ўз конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланиш жараёнида уларни ҳимоя қилиш зарурати юзага келмаган. Чунки бизнинг давлатда ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланади.

— Касб фаолиятингизда ва кундалик ҳаётингизда конституциявий тамойиллардан фойдаланасизми?

— Биз ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятимиз жамиятда конституциявий принципларнинг устуворлигини таъминлашдан иборатдир. Ушбу конституциявий принциплар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашни ўз ичига олади.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, Конституциянинг қонунийлик принципи - бу бизнинг кунлик хизмат фаолиятимизнинг ажралмас қисмидир.

Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчиси, ҳар бир давлат органи
ва ташкилотлари ўз фаолиятини аввало конституциявий принципларга мувофиқ тарзда ташкил этса, ташкил этишга ўрганса, ўйлайманки, бизнинг жамиятимизда, давлатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши мамлакатимизни янада фаровон бўлишига хизмат қилади.

— Сиз учун Конституция куни нимани англатади ва бу байрамни қандай нишонлайсиз?

— Конституция қабул қилинган кун – бу Ўзбекистондек азиз диёрда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб тан олинган кундир.

Мен ушбу байрам кунини ўзлигимизни англаш, шахс сифатида давлат ва жамиятнинг бир қисми эканимизни тушуниб етиш куни, деб айтишим мумкин. Шунинг учун ҳам мен ҳар йили 8 декабрь кунини кўтаринки кайфиятда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бири сифатида ҳуқуқларим ва эркинликларим давлат томонидан кафолатланган ҳур жамият аъзоси эканлигимни яна бир бор ҳис этган ҳолда энг азиз байрамлардан бири сифатида нишонлайман.

Мавзуга оид

Пандемия минтақа давлатлари билан ҳамкор...

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат СИДДИҚОВ билан ана шу м...

Ўзбекистон – Хитой: Сичуан провинцияси б...

Музокараларда Сичуан провинциясининг мамлакатимиз вилоятлари, шу жумладан, Тошкент шаҳри б...

Туркиялик мутахассис: Ўзбекистонда амалг...

Стратегик фикрлар институти — SDE (Анқара) директори Муҳаммад Саваш Кафкасяли...

Сўнгги янгиликлар