Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Апрель/2020   Иқтисодиёт

“Tashkеnt Pharma Park” фармацевтика кластери – халқаро сифат кўрсаткичи ва меъёрлари мужассам бўлган ҳудуд


ТОШКЕНТ, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Давлатимиз раҳбари жорий йил 28 январь куни “Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Унинг доирасида Жанубий Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт фонди билан 136 миллион доллар ҳажмдаги узоқ муддатли кредитни тақдим этган ҳолда, кластернинг илмий ва таълим бўйича тузилмаларини молиялаштириш ҳақида келишувга эришилди.

Жорий йил 17 апрель куни ушбу ҳужжат ижроси доирасида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилиши бошланди. Шу тариқа мазкур соҳада ваколатлар, хизматлар, ресурс ва кўникмаларни бир ерда жойлаштиришда илк қадам қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев телемулоқот чоғида инновацион ва юқори сифат кўрсаткичларига эга лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича бошланган ишлар ва режалар билан танишди.

Бу ерда яқин вақт ичида дори-дармон, тиббий маҳсулот ва техник воситалар ишлаб чиқариш, фармацевтика соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни яна ошириш бўйича самарали инфратузилма яратилади.

Кластерни барпо этиш учун Зангиота туманида жами 79 гектар ер майдони ажратилди. Умумий қиймати 276 миллион доллар бўлган 14 та инвестицион лойиҳа амалга ошириш орқали минтақада ягона замонавий фармацевтика кластери ҳамда 1 минг 700 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа 30 гектар майдондаги технопарк ва 49 гектар жойни эгаллайдиган саноат зонасидан иборат бўлади.

Технопарк ҳудудида академик, илмий, клиник ва клиник давргача бўлган муолажалар учун дори-дармон воситалари ишлаб чиқариладиган секторлар жойлаштирилади. Хусусан, бу ерда Фармацевтика техник университетини ташкил этиш кўзда тутилган.

– Ушбу университетда дори воситалари, тиббий маҳсулот ва техникалар, косметология ва бошқа ашёлар ишлаб чиқариш, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳасида халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали кадрлар тайёрланади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма раҳбари Азиз Дўстматов. – Хусусан, халқаро ва илмий талаблар асосида биотехнология ва микробиология йўналишида мутахассислар ўқитилади. Жанубий Корея ва Буюк Британиядаги ҳамкорлар билан тизимни такомиллаштиришга йўналтирилган инновацион ва самарали таълим дастурлари, ўқитиш шакллари жорий этилади. Шу тариқа фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси учун зарур шароит яратилади.

Яқин йилларгача доривор ўсимликлардан янги турдаги дори воситаларини яратиш ярим синтетик ва синтетик усулда амалга ошириларди. Биологик фаол моддалар олишнинг бу усули бугунги кунга келиб эскирган. Бунинг далили сифатида сўнгги 10 йилда шу тарзда атиги 4-5 та янги молекула олинганини келтириш мумкин. Ҳозирги замонда тиббиётни ривожлантиришда биотехнологик ёндашувлар қўлланилмоқда. Кластерда ташкил этиладиган илмий марказлар ва лабораторияларда янги дори-дармонларни излаш, уларни ишлаб чиқариш айнан шу усулда ташкил қилинади.

Янги таълим даргоҳи фармация, биотехнология, биофармация, фармацевтика тармоғи учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқишда фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар ўтказишга замин яратади.

– Мамлакатимиз дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича катта тажриба ва амалиётга эга кадрлар бор, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев. – Аммо олимларнинг узоқ йиллик тадқиқотлари маҳсулотни клиник синовдан ўтказиш, саноат миқёсида ишлаб чиқариш имконияти етарли бўлмагани учун амалиётга тўлиқ жорий этилмай қолмоқда. Биргина мисол, мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш линиялари мавжуд эмас. Ушбу кластер, хусусан, ихтисослашган таълим даргоҳи ва лабораториянинг ташкил қилиниши кадрлар тайёрлаш, замонавий стандартлаштириш, сифат назорати ва халқимиз учун зарур бўлган дори-дармон ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Саноат зонасида эса етакчи фармацевтика компанияларининг инновацион дори воситаларини тайёрлаш бўйича ишлаб чиқариш майдонлари барпо этилади. Онкологик, юрак ва қон-томир касалликлари учун дорилар, шунингдек, ҳозирги кунда глобал муаммога айланган коронавирус инфекциясига қарши зидди заҳар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Жумладан, айни кунларда саноат зонасида инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 80 миллион долларлик 5 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Булар Туркиянинг “Ворлд медицин”, Жанубий Кореянинг “Юнион Корея Фарм”, Украинанинг “Фармак”, Чехиянинг “Эго Злин” ва “Про Спон” компанияларидир.

– Мазкур бешта инвестиция лойиҳасига хориж компанияларининг тўғридан-тўғри сармоялари жалб қилинади, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи Дилшод Акбаров. – Лойиҳаларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида ошқозон-ичак, юрак-қон томир, онкологик, кардиологик ва эндокринологик касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббий техникалар, травматологияда қўлланиладиган буюмлар ишлаб чиқарилади.

Қайд этиш жоиз, ушбу лойиҳаларга жалб қилинган инвесторлар фаолият йўналиши бўйича дунёда етакчилардан саналади. Хусусан, “Ворлд медицин” компанияси ўз маҳсулотларини дунёнинг 35 давлатига экспорт қилади ва йиллик товар айланмаси 500 миллион еврога тенг. Украинанинг “Фармак” компанияси 262 турдаги дори воситаси, 9 турдаги тиббий буюм, қандли диабет касаллигида қўлланиладиган қўшимчалар ишлаб чиқаради. Компания Украинада дори воситаларининг барча турларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича етакчилик қилади. Ўз навбатида, Чехиянинг “Эго Злин” компаниясини жаҳонда тиббий, табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар, ҳарбий мақсадларда ва турли эпидемиологик вазиятларни бартараф этиш учун шахсий ҳимоя воситалари, комбинезонлар, биобокслар, кўчма касалхона ва уларнинг жиҳозларини ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналардан бири сифатида келтириш мумкин.

Аҳолига тақдим этиладиган фармацевтик маҳсулотларнинг юқори сифат кўрсаткичига эга бўлиши маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг ўз маҳсулотларини жаҳон фармацевтика бозорига экспорт қилиш имкониятини оширади. Шу боис соҳага юқори талаб даражасида тузилган стандартларни жорий этиш муҳим.

Кластер таркибида ташкил қилинадиган Фармакопея маркази эса халқаро тан олинган сифат меъёрларини маҳаллий корхоналар фаолиятига жорий этишни мувофиқлаштириб бориб, улар билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўяди.

Ташкил этилаётган марказ 12 та асосий бўлимдан иборат бўлади ва фаолиятининг дастлабки даврида 400 га яқин малакали мутахассис учун янги иш ўрни яратилади. Кейинги 5-7 йилда бу кўрсатгич 600-650 тага етади.

– Фармакопея марказида Давлат фармакопеяси жорий этилиб, бунинг натижасида ҳозирги давр фармацевтика соҳасидаги кўплаб муаммоларга ечим топилади, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддиси Ҳабибулла Жалилов. – Маҳаллий фармацевтика корхоналарига Европа фармакопеяси эътироф этган ва қўллаб келаётган 100 га яқин давлатга ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради.

Келгусида бу ерда чет эл клиникалари, тиббиёт марказларини очиш, кластернинг зарур инфратузилмаларини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

–  “Tashkent Pharma Park” кластери Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан биридир, – дейди Корея Республикасининг Ортопед-мутахассислар ассоциацияси раиси Юн Тэк Рим. – Юқори технологик илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш зонаси сифатида амалга оширилаётган лойиҳа орқали нафақат МДҲга аъзо давлатлар, балки Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорига ҳам кириб боришни мумкин бўлади. Шунинг баробарида, янги кластер орқали аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилишига ишонаман. Бу жараёнда илмий изланишларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Мазкур инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ушбу йўналишдаги ўзига хос биринчи илмий шаҳарча бўлиб, у бутун тармоқ истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратади. Халқаро тажриба асосида чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб этиш, инновацион ечимлар ва юксак технологияларни жорий этиш йўли билан юртимизда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Улуғбек Шоназаров,

“Дунё” АА

Мавзуга оид

Жанубий Корея компанияси Қувасой шаҳрини...

Жанубий Корея компанияси Қувасой шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилишд...

ЕОИИ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйич...

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи била...

Хитой компанияси «Қўқон» ЭИЗда рангли ги...

Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров Хитой Халқ Республикасининг «...

Сўнгги янгиликлар