16/Апрель/2023 Ватандошларимиз
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 16 апрель. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консуллиги кўмагида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили, Тошкент вилояти «Тўра бува» жоме масжиди имом - хатиби Шавкат Ҳамдамовнинг Санкт-Петербургга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.
Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили Ленинград вилояти Гатчина туманида жойлашган «Гофра» ва «Иззат» корхоналарида вақтинча ишлаётган, Санкт-Петербург давлат аграр университети ва Россия Президентининг Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг Шимолий-Ғарбий институтида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашувлар ўтказди.
Бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ватандошлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Миграция соҳасидаги янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар алоҳида таъкидланди.
Имом-хатиб Шавкат Ҳамдамов ўз маърузаларида хориждаги ватандошлар, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ўзликни англаш ва миллий қадриятларимиз ҳамда маданиятимизни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши маълум қилинди. Хорижда истиқомат қилиб келаётган юртдошларимиз учун 19-26 апрель кунлари муддатидан аввал овоз бериш участкалари юзасидан ҳам маълумот берилди ва унда овоз бериш тартиблари тушунтирилди.
Юртдошларимиз ишлаётган ташкилотлар раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқароларининг референдумда қатнашиши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида ушбу корхоналар ҳудудларида муддатидан аввал овоз бериш сайлов участкаларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.