Uz / Ўз Ru En

Toshkent

15/Сентябрь/2020   Таҳлил

Тожикистонлик олимлар Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари тарихида янги саҳифа бошлангани ҳақида фикр билдирмоқда


ДУШАНБE, 15 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тожикистон пойтахтида икки кунлик "Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, Тожикистон – Ўзбекистон стратегик шериклигининг янги саҳифасини очиш" мавзусидаги илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирмоқда, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.

Тожикистон Миллий фанлар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан биргаликда ташкил этилган тадбирда икки мамлакат илмий-тадқиқот, таҳлил тузилмалари ва олий ўқув юртлари раҳбарлари, таниқли олимлари ва етакчи мутахассислари иштирок этди.

Илмий форумда Тожикистоннинг 15 дан ортиқ етакчи илмий-тадқиқот институти, таҳлил марказлари ва олий ўқув юртларининг 200 га яқин вакили қатнашди. Улар орасида Миллий фанлар академияси, давлат бошқаруви академияси, стратегик тадқиқотлар маркази, сиёсий жараёнлар, дипломатия ва глобаллашув институти каби тузилмалар бор.

Конференция давомида Тожикистон олимлари ва мутахассислари икки мамлакат раҳбарларининг Ўзбекистон – Тожикистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш, Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашдаги роли ва ҳиссаси тўғрисида маърузалар қилди.

Хусусан, Тожикистон Миллий фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий ўз нутқида айнан икки давлат раҳбарларининг биродарлик, инсонийлик жиҳатидан жуда самимий дўстлиги бугунги кунда халқларимиз фаровонлигини оширишда янги тарихий ютуқларга эришишнинг кучли кафолати эканини таъкидлади. Унинг билдиришича, Президентларимизнинг иродаси, доно қарорлари билан сўнгги уч йилда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, чегаралар очилди, иқтисодий, маданий ва илмий ҳамкорликнинг барча шакллари тикланди.

“Халқларимиз дўстона муносабатлар тикланишидек тарихий воқеага гувоҳ бўлди, буни катта ҳис-ҳаяжон билан қарши олди. Бу муносабатларимиз тарихида янги саҳифанинг бошланишидир”, - деди академик.

Фарҳод Раҳимининг қайд этишича, ана шундай бир пайтда, зиёлилар мамлакатларимиз сиёсий раҳбарлари қарорларини амалга ошириш бўйича янги тарихий вазифани бажаришга киришиши керак.

Ўз навбатида, Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Санъат тарихи бўлими бошлиғи Аслиддин Низомов мамлакатларимиз раҳбарлари хайрихоҳлик ва дунёни англашнинг энг юқори даражасини намойиш этиб, минг йиллар давомида шаклланган дўстлик ва ўзаро англашув бўйича бой тарихий анъаналарни қайта тиклашганини қайд этди.

Тожикистонлик олимнинг сўзларига кўра, жаҳон тамаддунининг қадимий бешикларидан бири Марказий Осиё минтақаси тақдири бизнинг илм-фан ва маънавиятимизнинг аввалги шон-шарафини қайта тиклаш йўлидаги ишончли ва самарали ҳамкорлигимизга бевосита боғлиқ. Ҳар доим бўлганидек, маънавият – интеллектуал соҳада ижодий асосни мустаҳкамлайди. Чунки маънавий куч ижтимоий фаоллик ва бирдамлик ҳиссини ҳосил қилиб, иқтисодий ўсиш ва сиёсий барқарорлик учун шароит яратади.

Шу боис Аслиддин Низомов илмий жамоатчиликни Тожикистон – Ўзбекистон маданий алоқаларини мустаҳкамлаш чораларини кўришга чақирди. Унинг таъкидлашича, шу йўл билан юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликларнинг олдини олиш мумкин. Зеро, жамиятда биродарлик бирлиги ҳиссининг устун бўлиши келажакда геосиёсий ва геомаданий йўналишдаги муаммолардан ҳимояланишга имкон беради.

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг директори, профессор Зиёи Хуршед Махшулзода мамлакатларимиз ҳамкорлиги салоҳиятини юқори баҳолаб, икки томонлама имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган халқларимиз Президентларимиз раҳбарлигида сиёсий алоқаларда ижобий натижаларга эришганини таъкидлади.

“Шу билан бирга, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашда, Тожикистон – Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларида янги саҳифа очишда давлат раҳбарларининг алоҳида ҳиссаси бор”, деди у.

Сиёсий соҳадаги стратегик шериклик минтақада муносабатларнинг янги конструктив муҳитини яратиш, экстремизм, терроризм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига, шунингдек, хавфсизлик, замонавий таҳдид ва чақириқларга қарши курашиш орқали минтақада ўзаро ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлаши мумкин, дейди профессор Зиёи Хуршед Махшулзода.

Академик Кароматулло Олимов эса икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳақида гапириб, халқларимиз ва илм-фан ривожи учун биргаликда тадқиқотлар олиб боришда қулай муҳит ва имконият мавжудлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, тожикистонлик академик, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг таниқли файласуфлари, академик A.M.Богоутдинов ҳамда академик И.М.Мўминов Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги самимий биродарлик муносабатлари халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлигига ёрқин намуна эканини қайд этди. Олимнинг сўзларига кўра, "Чегараларнинг очилиши давлатларимиз ва халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди".

Ўз навбатида, академик Кароматулло Олимов икки мамлакат олимларини илмий ҳамкорликни кенгайтиришга, мамлакатлар қўлёзма фондларида сақланадиган буюк меросни биргаликда ўрганишга, шунингдек, замонавий дунёнинг долзарб муаммоларини ўзаро ҳурмат ва садоқат руҳида биргаликда ўрганишга чақирди.

 

Мавзуга оид

Душанбеда "Ўзбекистон ва Тожикистон раҳб...

Бугун Тожикистон пойтахтида "Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничи...

Мустақил Ўзбекистон – янги стратегия, ян...

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар...

БМТ Сурия ва Ироқдан қайтиб келганлар би...

“Марказий Осиё мамлакатларининг Сурия ва Ироқдан қайтган шахслар билан ишлашдаги тажрибас...

Сўнгги янгиликлар