Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Август/2020   Ўсиш нуқтаси

“UzbekMart” – пандемия шароитида миллий маҳсулотларни чет эллик ҳамкорларга тақдим қилишнинг қулай платформаси


ТОШКЕНТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий соҳасида ташқи савдо ҳажми ва экспортни тизимли равишда оширишга қаратилган таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор ва қабул қилинган ҳуқуқий асослар экспортни Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хос ўсиш нуқтасига айлантириш имконини бермоқда.

Бу жараённи қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош афзалликларга эга тармоқларда ижобий динамикани таъминлашда эса Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси яқиндан кўмак бериб келмоқда.

Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда идора фаолияти, ўз маҳсулотларини хорижий бозорларга сотиш истагидаги мамлакатимиз тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, қулай иқлим ва унумдор тупроғи, табиий ресурслар ва инсон капиталига бойлиги унинг экспорт салоҳиятининг нечоғлик юқори эканидан далолат, - дейди М.Умаров. - Шу боис бугун давлатимиз  раҳбари топшириқлари билан мамлакатимизда юқори қўшилган қийматга эга ташқи савдода харидоргир рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хизматлар экспорти ҳажмини кескин ошириш йўлида тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси эса ўз фаолиятини айни мақсадлар ижросини таъминлаш асосида ташкил этиб келмоқда. Президентимиз олиб бораётган иқтисодий ислоҳотларга кўмакчи бўлиш, халқаро савдони ривожлантириш, давлат ва тадбиркорлар ўртасида кўприк вазифасини бажариш биз интиладиган устувор вазифалардир. Шу орқали тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишларида амалий кўмак кўрсатиб, экспортчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бунинг учун турли ташкилотларни экспорт кесимида бирлаштиришга интилмоқдамиз.

Қайд этиш жоиз, экспорт фаолиятига ахборот-таҳлилий кўмаклашиш унинг муваффақияти гаровидир. Шу боис чет эллардаги нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Чет элдаги инвесторларни жалб қилиш, тадбиркорларга инвесторлар, ҳамкорлар, молиявий ташкилотлар топишда кўмаклашиш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириб келяпмиз.

Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси қисқа фурсатда ўз олдига қўйган вазифалар бўйича қатор натижаларга эришмоқда. Жумладан, Халқаро савдо-саноат палаталари ҳамда Савдо ташкилотлари билан шериклик алоқалари ўрнатилди, Ўзбекистоннинг хориждаги 43 та дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Уюшма тизимида илмий фаолиятни самарали ташкил этишга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бунда “Investor support center” ва “R&D” илмий-тадқиқот марказлари имкониятларидан фойдаланилмоқда.

Ҳар бир иш натижаси якуний таҳлил асосида ўрганиб борилиши даркор. Бу мақсад сари интилишдаги ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, тегишли хулоса ва режалар ишлаб чиқиш, шу асосда муаммоларга самарали ечим топишга имкон беради. Қайд этиш керак, бугун мамлакатимизда ана шундай тизим мавжуд –Ўзбекистон Республикасининг Экспорт кўрсаткичларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўлими очилган.

Уюшма фаолияти орқали бугунги кунда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан экспорт кесимида бир платформада ишлашни йўлга қўйишга эришилди. Шунингдек, “UzEXIM Capital” инвестиция компаниясига асос солинди, 16 та давлатда бизнес элчилар тайинланди. Интернет тармоғи имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Телеграм” мессенжерида 4 мингдан зиёд обуначига эга узлуксиз маълумот алмашиш ва улардаги мавжуд муаммоларга зудлик билан жавоб қайтариш мулоқот тизими яратилди ва Онлайн савдо платформаси (http://uzbekmart.com/) ишга туширилди.

“UzbekMart” платформаси – Ўзбекистондаги экспорт маҳсулотларини чет эллик ҳамкорларга тақдим қилиш, миллий маҳсулотларни «Made in Uzbekistan» белгиси остида чет мамлакатларда кенг кўламда экспорт қилишда кўмаклашиш мақсадида ишга туширилди.

 Платформа Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси томонидан ишга туширилган бўлиб, у юртимиздаги тадбиркорлик миллий маҳсулотларини тақдим қилади.

Платформа “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да Ўзбекистонда электрон тижоратни шакллантириш ва рақамли иқтисодиёт тизимига ҳисса қўшиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашишга хизмат қилади. Бундан ташқари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркор ва тижорат компанияларини давлат ташкилотлари билан экспорт кесимида ҳамкорликка чорлайди.

Бугунги кунда лойиҳа доирасида 100 га яқин корхона ва 300 дан ортиқ маҳсулот сайтга жойланди. Сайтнинг кунлик кузатувчилари сони ортиб бораётгани унга бўлган талаб юқори эканини кўрсатмоқда.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси яратган ушбу платформа пандемия шароитида ўз самарасини бермоқда. Халқаро қатновлар чекланган бугунги кунда мавжуд экспортчи корхоналар ўз савдо амалиётини ушбу платформа орқали амалга ошириб, юқори кўрсаткичларга эришиши мумкин.

Улуғбек Шоназаров ёзиб олди,

“Дунё” АА.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Хитой компаниялари электро...

Бугун Тошкентда BMB Trade Group компаниясида мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош консулхонаси,...

Барқарор қишлоқ хўжалиги ва истиқболли э...

"Дунё" АА мухбири “Global Export Company” компанияси таъсисчиси ва бош директори Даврон Да...

Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюта...

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсларин...

Сўнгги янгиликлар