Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

27/Декабрь/2021   Парламент

«Йил аёли» кўрик-танловининг Бош мукофоти ғолиби - Кегейли тумани «Орзу» фермер хўжалиги раиси Палзада Салиевага Президент совғаси – автомобиль топширилди

ТОШКЕНТ, 27 декабрь. /«Дунё» АА/. Кеча пойтахтимиздаги «Hilton» меҳмонхонасида Олий Мажлис Сенати ташаббуси ва Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан ташкил этилган «Нафосат», «Гендер тенглик фаоли» ва «Йил аёли» миллий кўрик танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, сўнгги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ўз салоҳиятини тўла намоён этишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, турмушини фаровон қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, бир сўз билан айтганда ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳуқуқий асос мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Бугун бошқарув лавозимларидаги шахслар ҳамда тадбиркорларнинг учдан бир қисми айнан аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Сиёсий партияларда хотин-қизлар салмоғи 44 фоизни, парламент қуйи палатасида 32 фоизни, Сенатда 25 фоизни маҳаллий Кенгашлар аъзоларининг эса қарийб учдан бир қисмини (31 фоиз) аёллар ташкил этмоқда. «Сиёсатдаги аёллар» жаҳон рейтингида Ўзбекистон охирги икки йилда дунё парламентлари орасида 130-ўриндан 45-ўринга кўтарилиб, топ-50 таликдан жой олди.

 Тантанали маросимда «Йил аёли», «Гендер тенглик фаоли» ва «Нафосат» кўрик-танловлари ғолиблари номи эълон қилинди.

Дастлаб, «Нафосат» республика кўрик танлови ғолиблари тақдирланди. Бугун турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг кийиниш услубини янада такомиллаштириш, улар ўртасида миллий ва замонавий, менталитетимизга мос либосларни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилишда фаол қатнашган аёллар тақдирланди.

Шундан сўнг, «Гендер тенглик фаоли» ғолиблари саҳнага таклиф этилди. 

 Маросимда «Йил аёли – 2021» республика танловининг ғолиблари номи ҳам эълон қилинди.

Унга кўра, 1-ўрин Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-сон Оториноларингология кафедраси мудири, Тиббиёт фанлари доктори, доцент, Маҳзуна Насриддиновага, 2-ўрин Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Шароповага 3-ўрин Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, «Мевазор-Саодат» ишлаб чиқариш кооперативи бошлиғи Саодат Низомовага насиб қилди. Биринчи ўрин соҳибаси «Азия-Альянс банк» томонидан 20 миллион сўмлик ваучер билан ҳам тақдирланди.

«Йил аёли» кўрик-танловининг Бош соврини ғолиби деб топилган Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли тумани «Орзу» фермер хўжалиги раиси Палзада Салиевага Президент совғаси - автомобиль тантанали топширилди.

Ушбу танловлар мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оила ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзи фаолият кўрсатаётган тизим нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамоатчиликка яқиндан таништириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, профессионал салоҳияти, ишбилармонлик, рақобатбардошлик сифатлари ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсад қилинган, дейилади  Сенат хабарида.

Мавзуга оид

Олий Мажлис Сенати қўмитасида Қорақалпоғ...

Кеча Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғ...

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерин...

Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Олий Мажлиси қуйи палатаси Спикерининг 1-ўринбосари ...

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021...

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитас...

Сўнгги янгиликлар