Ўзбекистон–Польша: Плоцк шаҳри вакиллари билан янги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
Март 17, 2026. 16:40 • 2 мин
• 31
ПЛОЦК, 17 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Польшанинг Мазовия воеводалиги Плоцк шаҳрига ташриф буюриб, шаҳар мэри Анжей Новаковский билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар мулоқот давомида Плоцк шаҳри маъмурияти вакиллари – котиб Альберт Дина, халқаро алоқалар бўлими раҳбари Дорота Бартош ҳамда инвесторларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Агата Кохановска билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ҳақида суҳбатлашди.
Польша томони Плоцк ҳамда Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен каби шаҳарлар ўртасида савло-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ўз ташаббусларни билдиришди. Иштирокчилар 2026 йилда Ўзбекистонга польшалик тадбиркорлардан иборат бизнес-миссия делегациясининг ташрифини амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Музокаралар давомида Плоцк шаҳридаги Мазовия академияси билан ҳамкорлик ўрнатиш, давлат бошқарувининг маҳаллий ва қуйи бўғинларидаги ваколатли тузилмалар ўртасида тажриба алмашувини йўлга қўйиш ташаббуслари илгари сурилди.
Шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, шаҳарсозликни режалаштириш, маданият, спорт ва тиббиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф давомида дипломатлар Плоцк саноат ва технология парки фаолияти билан танишди. Ташкилот раҳбари Патрисия Романовска билан суҳбат давомида Ўзбекистондаги технология парклари, эркин иқтисодий зоналар бўйича маълумот берилди.
Все новости