Ўзбекистон Конституциявий суди 2025-2027 йилларда ААCCга раислик қилади
Сентябрь 26, 2024. 13:07 • 2 дақ
• 150
БАНГКОК, 26 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 17-21 сентябрь кунлари Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Конституциявий судлар ва уларга тенглаштирилган институтлар Осиё ассоциацияси (ААCC)нинг 6-Конгресси ва аъзолари кенгаши (BoMM) йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Барқарор жамият манфаатлари йўлида конституциявий одил судловни мустаҳкамлашда конституциявий судлар ва унга тенглаштирилган институтларнинг ўрни" мавзусига бағишланган тадбирда 14 давлат Конституциявий судларининг юқори лавозимли мутасаддилари, шунингдек, кўплаб кузатувчилар ва таклиф этилган меҳмонлар қатнашди.
Конференция давомида Ўзбекистон делегацияси "Конституциявий адолат тамойиллари", "Тез ўзгарувчан глобал шароитда конституциявий судларнинг роли", "Инсон ҳуқуқлари ва иқлим адолатини ҳимоя қилиш" мавзуларидаги асосий муҳокамаларда иштирок этди.
Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конгресснинг "Конституциявий адолат барқарор ижтимоий ривожланиш асоси" сессиясида "Конституциявий ислоҳотлар – Ўзбекистон Республикасида конституциявий одил судловни ривожлантиришнинг янги босқичи" мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида Ўзбекистон конституциявий тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг суд ҳокимияти мустақиллигини ошириш, мамлакатимизда адолат ва демократия тамойилларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятига тўхталди.
Конгресс якунлари бўйича конституциянинг устуворлигини таъминлаш ва асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича энг муҳим мажбуриятларни белгилаб берувчи Бангкок декларацияси қабул қилинди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси бошқа миллий делегациялар ва ташкилотлар вакиллари билан ҳам конституциявий судлар фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларда ҳамкорлик қилиш бўйича фойдали алоқалар ўрнатди.
Эътиборлиси, тадбирда Ўзбекистон Конституциявий суди 2025-2027 йилларда ААCCга раислик қилишини эълон қилинди. 2025-2027 йиллар давомида ААCCдаги раислик Ўзбекистонда конституциявий бошқарув ва одил судловни илгари суришда истиқболли ёндашувни намоён этиб, мамлакатга Осиё минтақасида конституциявий судларнинг келажагини шакллантиришда муҳим роль ўйнаш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси