C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклиги учун янги имконият яратмоқда

Октябрь 19, 2026. 08:10 • 5 дақ

• 107
C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклиги учун янги имконият яратмоқда

ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг юз нафардан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат делегация бошчилигида Ўзбекистонга бошланган ташрифи, хусусан, C5+1 формати доирасида иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш, савдони кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақадаги ҳамкасблари билан музокаралар бўлиб ўтади. Учрашувларда иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва хусусий инвестицияларни ривожлантириш, энергетика хавфсизлиги ҳамда минтақавий ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Делегациянинг бундай кенг таркиби Америка ишбилармон доираларининг Марказий Осиё иқтисодий имкониятларига қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон учун етакчи Америка компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, янги технологиялар ва сармояларни жалб этиш, саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиётдаги лойиҳаларни илгари суриш учун кенг имкониятлар яратади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 19 февралда ўрнатилган. Ўтган ўн йилликлар мобайнида ҳамкорлик сиёсий мулоқот, савдо, инвестициялар, хавфсизлик, таълим ва гуманитар алмашинувларни қамраб олди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил май ойида АҚШга амалга оширган расмий ташрифи стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлашда муҳим воқеа бўлди. Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий ташаббуслар доирасида изчил ривожланди.

2023 йилда Нью-Йоркда “C5+1” форматидаги биринчи етакчилар саммити, 2025 йил ноябрь ойида эса Вашингтонда иккинчи саммит бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликка, жумладан, савдо-иқтисодий соҳага янги суръат бағишлади.

Савдо-иқтисодий алоқалар Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Айни пайтда Америка ишбилармонлари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида фаолият юритмоқда. Мамлакатда Америка капитали иштирокидаги 346 та корхона, жумладан, 100 фоиз Америка капиталига тегишли 143 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилдан буён шундай 203 та корхона ташкил этилди. Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган Америка компаниялари орасида “Air Products”, “General Electric”, “General Motors”, “Boeing”, “Honeywell”, “Coca-Cola”, “John Deere” каби машҳур компаниялар бор.

Мунтазам ўтказилаётган қўшма ишбилармонлик тадбирлари инвесторлар учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. 2026 йил июнь ойида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида 193 та Америка компанияси вакиллари иштирокида Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида корпорациялар ва молия институтлари вакиллари билан ўтказилган музокаралар ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини илгари суришга қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон ва АҚШ муҳим минераллар ҳамда нодир ер элементлари етказиб бериш барқарорлигини таъминлашда ҳамкорликни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик геология-қидирув ишларини ривожлантириш, хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, янада барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун имкониятлар очади.

2015 йил ноябрь ойида Самарқандда ишга туширилган «C5+1» формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. Формат кун тартиби иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорликни қамраб олади.

Минтақавий ўлчов транспорт йўналишлари, энергетика алоқалари ва барқарор таъминот занжирларини ривожлантириш зарурати шароитида алоҳида аҳамият касб этади. Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш нафақат алоҳида икки томонлама лойиҳаларни, балки минтақавий савдони кенгайтириш ва корхоналарнинг халқаро бозорларга чиқиши учун зарур шарт-шароитларни ҳам муҳокама қилиш имконини беради.

2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда “C5+1” мулоқотининг ўн йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида кенг кўламли ишбилармонлик дастури бўлиб ўтди. Унда АҚШ компаниялари Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ бўлган тижорий келишувларга эришганини эълон қилди.

АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Америка тадбиркорларининг минтақа мамлакатлари билан тузган тижорий келишувлари умумий ҳажми 100 миллиард доллардан ошди. Мазкур кўрсаткичлар эълон қилинган ишбилармонлик ташаббусларининг салмоғини кўрсатади. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса лойиҳаларнинг келгусида қанчалик пухта ишлаб чиқилиши ва эришилган келишувларнинг бажарилишига боғлиқ.

Давлат тузилмалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни таъминловчи “B5+1” формати ҳукуматлараро мулоқотнинг муҳим тўлдирувчисига айланди. 2026 йил февраль ойида Бишкек шаҳрида 421 нафар делегат ва 40 нафардан зиёд Америка компанияси вакили иштирокида иккинчи “B5+1” форуми ўтказилди. Форум якунида олтита йўналиш — қишлоқ хўжалиги, банк-молия сектори, муҳим минераллар, савдо ва ахборот технологиялари, транспорт ҳамда туризм бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон–АҚШ шериклигининг истиқболдаги ривожи эришилган сиёсий келишувларнинг аниқ инвестициялар, савдо шартномалари ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига қай даражада самарали татбиқ этилишига боғлиқ бўлади.

Ўзбекистон учун капитал ва илғор технологияларни жалб этиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда замонавий саноатни ривожлантириш ҳамон устувор вазифалар саналади. Америка бизнеси учун республика билан ҳамкорлик қилиш истиқболли бозорда фаолият юритиш ва минтақадаги иқтисодий ислоҳотларда иштирок этиш имконини беради.

АҚШ Давлат котибининг Самарқандга кутилаётган ташрифи мазкур вазифаларни икки томонлама ҳамда “C5+1” доирасида илгари суриш учун қўшимча мулоқот майдонини яратади. Ташрифнинг амалий аҳамияти қўшма ташаббусларни амалга ошириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда АҚШ, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида ташланадиган кейинги қадамлар билан белгиланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш