Ўзбекистон ҳунармандлари ва санъаткорлари Ҳиндистоннинг Ҳимачал-Прадеш штатида ўтказилган халқаро фестивалда иштирок этди
Октябрь 31, 2024. 09:28 • 2 дақ
• 130
ДЕҲЛИ, 31 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси, Маданият вазирлиги ва "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳунармандлар ва санъаткорларнинг Ҳимачал-Прадеш (Ҳиндистон) штатида ўтказилган халқаро фестивалдаги иштироки ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳимачал-Прадеш штатининг Куллу шаҳрида ҳар йили октябрь ойида "Дуссера" (Kullu Dussehra) халқаро фестивали ўтказилади ҳамда унда турли давлатлардан делегациялар қатнашади. Маълумотларга кўра, ушбу ёрқин байрам тадбирларини, шунингдек, 5 миллиондан ортиқ сайёҳ томоша қилади.
Денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган, Ҳимолай тоғ тизмалари билан ўралган Куллу шаҳри бир ҳафта давомида маҳаллий ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан келган санъаткорлар ва ҳунармандларга мезбонлик қилади. Фестиваль доирасида ярмарка ва кўргазмалар, маданият тадбирлари ва спорт мусобақалари уюштирилади.
Ўзбекистон вакиллари ҳам каштачилик ва тикувчилик маҳсулотларини намойиш қилди. Мамлакатимиз ҳунармандлик растаси фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари томонидан энг жозибадор майдончалардан бири сифатида эътироф этилди.
– Мен 24 йилдан буён қўғирчоқлар тикиш билан шуғулланиб келаман, – дейди қўқонлик ҳунарманд Шоҳсанам Худойбердиева. – Кўплаб шогирдлар тайёрлаганман, бугунги кунда касаначи хотин-қизлар билан ҳамкорлик қилаяпман. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳунармандлар учун ҳам манфаатли бўлмоқда. Биз ўзбекона, халқ амалий санъати намуналарини намойиш этдик. Маҳсулотларимизга Куллу шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари, айниқса, болажонлар катта қизиқиш билдирди.
Фестивалнинг бош майдонида намойиш қилинган маданий дастурни Тошкент вилоятидан келган санъаткорлар очиб берди. Улар томонидан мамлакатимиз турли минтақаларига хос ашула ва рақслар ҳамда мумтоз қўшиқлар ижро этилди. Мусиқий санъат ихлосмандлари ўзбек халқининг бой маданий мероси намуналари ҳамда оммабоп ҳинд қўшиқларини олқишлар билан кутиб олди.
– Ҳинд халқига бизнинг чиқишларимиз маъқул келганидан хурсандмиз, – дейди Тошкент вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Аҳрор Мирзаев. - Биз бу ерда кўплаб дўстлар орттирдик, турли давлатлардан келган маданият ва санъат вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатдик. Бундай фестиваллар халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, маданият ва санъат анъаналарини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари томонидан "Дуссера" халқаро фестивали доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон-Ҳиндистон серқирра ҳамкорлигини янада фаоллаштириш, айниқса ҳудудлараро алоқаларни мазмунан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда
Ўзбекистон божхоначилари Жаҳон божхона ташкилоти семинарида қатнашди
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди