Logo

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон бўйлаб ўтувчи "Central Asia Tour-2025" мотораллисига старт берилди

Август 03, 2025. 12:19 • 57 сония

197
Исломобод шаҳрида Ўзбекистон бўйлаб ўтувчи "Central Asia Tour-2025" мотораллисига старт берилди

ИСЛОМОБОД, 4 август. / "Дунё" АА/. Исломобод шаҳрида Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистон бўйлаб ўтувчи "Central Asia Tour -2025" халқаро мотораллисига старт берилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси ва Покистон туризмни ривожлантириш корпорацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича координатори Сардар Ясир Ильяс Хан, Покистон туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб ур-Рехман Рана ҳамда дипломатик корпус ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари томонидан ушбу ташаббус минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

16 нафар саёҳатчидан иборат моторалли иштирокчилари жорий йилнинг 1 август куни "Исломобод–Пешовар" йўналиши бўйлаб йўлга чиқди. Дастурга мувофиқ, ралли иштирокчилари 23 кун давомида Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистон орқали ўтувчи 5000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади.

Хусусан, улар юртимизнинг Термиз, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, ўзбек халқининг бой маданияти ва меҳмондўстлиги билан танишади.

Шунингдек, моторалли қатнашчилари бўлган сайёҳлар Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида туркум видеоконтентларни суратга олишни режалаштирган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш