Самарқандда Халқаро шахмат федерациясининг янги раҳбари сайланади

Август 05, 2026. 11:00 • 2 дақ

217
Самарқандда Халқаро шахмат федерациясининг янги раҳбари сайланади

ТОШКЕНТ, 5 август. /“Дунё” АА/. 26–27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти сайлови бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Овоз бериш жараёни дунёнинг 200 га яқин миллий шахмат федерациялари вакилларини жамлайдиган ташкилот Бош ассамблеяси доирасида ўтказилади.

Ушбу сайлов навбатдаги FIDE Конгрессининг асосий воқеаларидан бири бўлиб, 15–27 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда бўлиб ўтади. Қадимий шаҳар икки ҳафта давомида минглаб спортчилар, расмий шахслар ва миллий федерациялар вакилларини бирлаштириб, жаҳон шахмат пойтахтига айланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан бери федерацияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2022 йилда қайта сайланган FIDE президенти Аркадий Дворкович жорий йилнинг июль ойида Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг ўз ваколатларини бажаришни вақтинча тўхтатган эди. Президент вазифасини бажариш FIDE раҳбари ўринбосари, беш карра жаҳон чемпиони, таниқли ҳиндистонлик шахматчи Вишванатан Ананд зиммасига юклатилди.

Айни вақтда сайловда иштирок этиш учун уч нафар номзод рўйхатга олинган. Президентлик лавозими учун Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов (вице-президентликка номзод – Вишванатан Ананд), германиялик тадбиркор Ян Хенрик Бюттнер (британиялик шахмат арбоби Малкольм Пейн) ва Германиянинг “WR Chess” шахмат жамоаси асосчиси Вадим Розенштейн (сингапурлик тадбиркор Гордон Тан) кураш олиб боради.

FIDE низомига кўра, президентни миллий шахмат федерацияларидан ташкил топган Бош ассамблея сайлайди. Ҳар бир федерация мамлакат аҳолиси сони ёки шахматнинг ривожланиш даражасидан қатъий назар, битта овозга эга бўлади. Овоз бериш яширин тарзда ўтказилади ва энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади.

FIDE президенти сайловининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда Самарқандда ўтказилиши 2026 йилги жаҳон шахмат ҳамжамияти тақвимидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланади. Икки кун давомида 200 нафарга яқин миллий федерация вакиллари халқаро шахмат ҳаракатининг келгуси тараққиёти ўзига боғлиқ бўлган ташкилот раҳбариятини аниқлаб олади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш