Ўзбекистон Марказий Осиёда маиший чиқиндиларни энергияга айлантирадиган заводларга эга бўлган биринчи давлатга айланади
Январ 01, 2025. 08:08 • 2 дақ
• 698
ШАНХАЙ, 1 январь. /"Дунё" АА/. "Shanghai SUS Environment Co. Ltd" компанияси вице-президенти Том Ши "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳақидаги фикрларини билдирди ҳамда халқимизни кириб келаётган Янги – 2025 йил билан қутлади:

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатингизда чиқиндиларни бошқариш бўйича қатъий сиёсат ва қайта тикланадиган энергияга оид улкан мақсадларни амалга ошириш орқали барқарор ривожланишга ўтишни тезлаштирмоқда.
Ҳукуматнинг ташаббуслари ва маҳаллий талабнинг ортиб бораётганига жавобан биз 2024 йилда Ўзбекистоннинг чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бозорига кириб, мамлакатнинг барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун илғор технологик ечимларни тақдим этяпмиз.
Таъкидлаш жоизки, кўрилиши назарда тутилган заводлар ишга туширилиши билан Ўзбекистон Марказий Осиёда маиший чиқиндиларни энергияга айлантирадиган заводларга эга бўлган биринчи давлатга айланади.
Ўзбекистон раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида қабул қилинаётган қарорлар ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли биз юртингизда ўз лойиҳаларимизни амалга оширишдан жуда мамнунмиз.
Компаниямиз, шунингдек, Ўзбекистонни янада ривожланиши учун хизмат қиладиган Хитойнинг замон талабига жавоб берадиган юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналари ва турли йўналишдаги йирик илғор компанияларини жалб этишга ўз ҳиссасини қўшишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон учун янги бўлган ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш, маҳаллий олий таълим муассасалари ва соҳага боғлиқ ташкилотлар билан биргаликда илмий-тадқиқот ишларни олиб бориш ҳамда қонунчиликка тегишли норматив ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқариш йўналишида ҳам ҳамкорлик қиламиз.
Ўзбекистондаги лойиҳаларимизни кенгайтириш мақсадида салкам 1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция киритишни режалаштиряпмиз.
Умид қиламизки, 2025 йилда ҳам ҳамкорлигимиз жуда самарали бўлади ва икки томонлама муносабатларимиз янада жадаллашади
Фурсатдан фойдаланиб, дўст Ўзбекистон халқига кириб келган Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси