Logo

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик жадаллашмоқда

Январ 11, 2025. 07:48 • 3 дақ

278
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик жадаллашмоқда

АҚТЎБЕ, 11 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида хизмат сафарида бўлиб, ҳукумат, бизнес доиралари ҳамда таълим ва туризм соҳалари вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ақтўбе вилояти акими Асхат Шахаров билан учрашув давомида, Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форуми, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, ўзаро савдо соҳаларидаги ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида, Асхат Шахаров Ақтўбе вилоятининг мамлакатимиз билан ўзаро савдо айланмаси 2024 йилнинг 10 ойида 40 миллион АҚШ долларини ташкил этганлигини таъкидлаб, туризм, гастрономик, тиббий, тарихий, маданий ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ақтўбе ва Навоий вилоятлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ишлаб чиқиш, туризмни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолаш, ҳудудга мамлакатимиздан мева-сабзавот маҳсулотлари ва қурилиш материаллари етказиб беришни йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Ақтўбе ўртасида мунтазам рейсларни ташкил қилиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувларга эришилди.

Вилоятга ташриф доирасида Kудайберген Жубанов номидаги Ақтўбе минтақавий университети проректори Рахим Бекназаров билан ҳам учрашув ўтказилди.

Сухбат чоғида проректор Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама таълим тизимини ишга тушириш, мамлакатимиздаги ихтисослашган олий ўқув юртлари билан талабалар ҳамда ўқитувчилар учун алмашинув дастурларини ташкил қилиш борасида таклифларни илгари сурди.

Университетга ташриф давомида, шунингдек, у ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилиб, уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Дипломатик миссия раҳбари, шунингдекАқтўбе вилояти тадбиркорлар палатасида қурилиш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, логистика компаниялари раҳбарлари ва вилоят ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Ақтўбе вилояти тадбиркорлар палатаси директори Дидар Боранкулов ҳудудда бизнесменлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот бериб, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон элчиси, шунингдек Ақтўбе вилоятидаги "Согдиана" миллий ўзбек маданият марказида вилоят ҳудудида яшовчи ватандошлар билан учрашиб, марказнинг этномаданий тадбирларни ўтказиш борасидаги вазифалари ва фаолияти билан танишиб чиқди.

Учрашув давомида ҳудудга доимий яшашга ва вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган мамлакатимиз фуқароларига консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ақтўбе вилоятига ташриф доирасида, Ўзбекистон туризм қўмитаси вакили Азиз Миржалилов билан ҳамкорликда "Ўзбекистонга хуш келибсиз" мавзусида тақдимот ташкил қилиниб, унда вилоят сайёҳлик компаниялари вакиллари ва ишбилармон доираларига мамлакатимиз туристик салоҳиятига бағишланган роликлар намойиш қилинди.

Тадбир давомида турфирмалар билан Ўзбекистонга пресс-турларни ташкил қилиш амалиётини фаоллаштириш, вилоят туроператорларига мамлакатимизда ўтказиладиган сайёҳлик тадбирлари тақвимини мунтазам тақдим этиб бориш, Қозоғистоннинг Ғарбий минтақалари ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасида мунтазам рейслар йўлга қўйиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ақтўбе шаҳрининг марказий кўчаларидаги LED экранларда юртимизга бағишланган турли роликлар намойиши ташкил қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш