Logo

Туркманистон ОАВ: Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланади

Февраль 21, 2024. 15:55 • 2 дақ

175
Туркманистон ОАВ: Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланади

АШХОБОД, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Туркманистоннинг «ORIENT», «SalamNews» ва «Turkmenportal» ахборот агентликлари Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига бағишланган мақолаларни тарқатди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрларда ёзилганидек, қарорда туркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккир эканлиги эътироф этилган.

Бу йил нуфузли халқаро ташкилот – ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланаётгани ҳам шоир адабий мероси жаҳон сўз санъатининг бебаҳо хазинасига айланиб, инсониятнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилиб келаётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Мақолаларда хабар қилинганидек, қарорда ўзбек халқининг Махтумқули Фироғий сиймосида қардош Туркманистон халқига, унинг бой тарихи ва маданияти, урф-одат ва қадриятларига ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намунаси сифатида ҳамда шоир таваллудининг 300 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар дастурида тасдиқланади. Махтумқули Фироғийнинг «Танланган асарлари» ҳамда унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўплами ва чоп этилади. Шунингдек, давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм суратга олинади ва  шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштирилади. Ёш хонандалар ўртасида «Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси» республика танловини ўтказилади.

«Бундан ташқари, ҳужжатда, «Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш, 2024 йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган», — деб ёзган Туркманистон оммавий ахборот воситалари ОАВ.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш