"Мир новостей": 2018–2023 йилларда Орол денгизи тубида 1 миллион 730 минг гектар ҳудудда ўрмон плантациялари ташкил этилди
Май 09, 2024. 11:55 • 2 дақ
• 218
МОСКВА, 9 май. /"Дунё" АА/. Россиянинг "Мир новостей" газетасида "Нукусда Оролбўйи эзгу ният элчилари йиғилди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда, "Дунё" АА мухбири.

Унда Нукус шаҳрида минтақанинг экологик муаммоларини ҳал этишга бағишланган "Оролбўйи яхши ният элчилари" халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтгани маълум қилинган.
Таъкидланишича, конференция давомида иштирокчилар Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар, Орол денгизи тубини ўрмонлаштиришнинг ўрни ва аҳамияти, Амударёнинг қуйи оқимидаги сув муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари, Оролбўйининг муҳофаза этиладиган ҳудудларида барқарор туризмни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа мавзулардаги маърузалар билан танишди.
"Ўзбекистон Президенти жорий йилда Орол денгизининг қуриган тубида 100 минг гектар ўрмонзор барпо этиш вазифасини қўйди. Биз аллақачон 156 минг гектар майдон яратдик, унинг бир қисми авиация ёрдамида чигит экиш орқали амалга оширилди. Оролбўйи иқлимига чидамли экинлар экиш фаол олиб борилмоқда. Шунингдек, кўчатлар ва эм-хашак ўсимликларини етиштириш бўйича Халқаро марказ ташкил этишни режалаштирганмиз. Шунингдек, Қорақалпоғистонда янги йўналиш – асаларичиликни ривожлантиряпмиз", – дея Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Зиновий Новицкий сўзларидан иқтибос келтирилган материалда.
Мақола якунида "2018–2023 йилларда Орол денгизи тубида 1 миллион 730 минг гектар ҳудудда ўрмон плантациялари ташкил этилиб, 17 минг квадрат километр майдон кўкаламзорлаштирилганини маълум қилган. 2024 йилда эса жами 150-200 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо этиш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди", – деб ёзган "Мир новостей".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
