Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича ягона автоматлаштирилган ахборот тизими яратилади
Февраль 26, 2025. 11:31 • 2 дақ
• 94
ТОШКЕНТ, 26 февраль /"Дунё" АА/ Ўзбекистон Президенти атроф-муҳитни баҳолашда шаффофлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган қонунни тасдиқлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жорий йилнинг 25 августидан бошлаб кучга киради.
Ушбу ҳужжат билан қуйидаги янги тартиблар жорий этилмоқда:
– ҳар бир тадбиркор экологик экспертиза учун материалларни топшириб, бир неча босқичда хулоса олиши мумкин бўлган ягона автоматлаштирилган ахборот тизими яратиш;
– стратегик экологик баҳолаш институтини жорий этиш. Бу алоҳида лойиҳалар билан бирга муҳим давлат дастурлари, концепциялар ва шаҳарсозлик ҳужжатларини қамраб олади. Бу қадам режалаштириш босқичида эҳтимолий экологик хатарларни ҳисобга олишга ва атроф-муҳитга салбий таъсирларни минималлаштиришга имкон беради;
– доимий фаолият юритувчи Экспертлар кенгаши ташкил этиш.
"Кенгаш давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги ва асосланганлигини таъминлаш, экспертиза бўлинмаларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, шунингдек, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этишга қаратилган", – дейилади Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинган шарҳда.
Шунингдек, мазкур қонун экологик экспертиза муддатларини қисқартиришни назарда тутади. Бу лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштиришга ва уларни бажариш харажатларини камайтиришга имкон беради.
Давлат экологик экспертиза хулосаси қуйидаги муддатларда юридик кучга эга бўлади:
– атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари бўйича – хулоса берилган кундан бошлаб уч йил давомида;
– экологик нормалар лойиҳалари бўйича – хулоса берилган кундан бошлаб беш йил давомида.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
ФАОда “Она ер нидоси” номли ўзбек ҳужжатли фильми намойиш қилинди
Буюк Британия компанияси билан пластик маҳсулотлар биодеградацияси соҳасида ҳамкорлик ўрнатилади