Ўзбекистон делегацияси Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси раҳбарияти ва аъзолари билан учрашди
Январ 31, 2025. 17:26 • 2 дақ
• 94
КАРАЧИ, 31 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирокида Покистон Савдо-саноат палаталари федерациясида (ПССПФ) бизнес-форум ҳамда G2B ва B2B шаклидаги музокаралар ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда икки мамлакатдан 100 нафардан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.
Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси Атиф Шейх Икрам тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида икки давлат бизнес доира вакилларининг ҳамкорлиги икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларда янги даврни бошлаб беришини қайд этди.
– Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес доиралар ўртасидаги мулоқотга доимий тус бериш иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларини янада кенгайтириш, давлатларимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, ўзаро савдода ишонч ва қулай шароитларни яратишга хизмат қилади. Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва умумий иқтисодий фаровонлик учун биргаликда ишлашимиз даркор, – деди ПССПФ раиси.
Икки давлат тадбиркорлари тўқимачилик, чарм ва жунни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, транспорт-логистика ва фармацевтика соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов покистонлик тадбиркорларни 11-13 февраль кунлари Лаҳор шаҳрида ўтказиладиган "Made in Uzbekistan" саноат кўргазмасига иштирок этишни ва ушбу тадбир доирасида мамлакатимиздан келувчи бизнес доира вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари бўйича учрашувлар ўтказишни таклиф қилди.
Покистонда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари экспорти кўламини ошириш мақсадида Лаҳор ва Карачи шаҳарларида "Савдо вакиллари офиси"нинг ташкил этилиши ва унга Покистонда яшовчи ватандошларимиздан ходимлар тайинланиши маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси