Logo

Буюк Британия консорциуми билан Ўзбекистонда транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди

Февраль 08, 2025. 07:48 • 2 дақ

139
Буюк Британия консорциуми билан Ўзбекистонда транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди

ЛОНДОН, 8 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг "Arup" консорциуми бошқарув раиси Жером Фрост билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

1946 йилда Лондонда асос солинган "Arup" компанияси лойиҳалаш ва қурилишни режалаштириш ҳамда уларни барча босқичларида бошқариш соҳаларида дунёдаги йирик муҳандислик консорциуми ҳисобланади. Компания дунёнинг 140 дан ортиқ давлат билан ҳамкорлик қилади ва унинг 37 та мамлакатда ўз офислари бор.

"Arup" компанияси томонидан лойиҳалаштирилган ва амалга оширилган бир қатор объектлар ўзининг юқори технологик муҳандислик ечимлари ва ноёб дизайни билан машҳур. Сидней опера театри, Лондондаги "Макмиллан" рак касалликларини даволаш маркази ва "Standart Hotel" меҳмонхонаси, Бирмингемдаги "Paradise Square" бизнес маркази, Пекиндаги "Parkviw Green FangCaoDi" ва Абу-Даби шаҳридаги "Yas Island Marina Hotel" меҳмонхоналари, Москвадаги "Сколково" технопарки ва Мадриддаги "Hospital de Mostoles" шифохонаси шулар жумласидандир.

Жером Фрост "Arup" компанияси Ўзбекистон томони билан сермаҳсул ҳамкорлик қилиб келаётганлиги ва шу кунгача республикада 15 та хусусий ва давлат секторидаги мижозлар билан 30 дан ортиқ лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширганлигини маълум қилди.

"Arup" компанияси томонидан Самарқанд туризм маркази, шу жумладан, Конгресс-холл ва 8 та меҳмонхона, "Тошкент Сити" ишбилармонлик ҳудудидаги Конгресс-хол ва "Hilton" меҳмонхонаси, Ўзбекистон миллий кутубхонаси, шунингдек, бир қатор транспорт ва энергетика инфратузилмаларини қуриш бўйича лойиҳалаш ва муҳандислик хизматлари кўрсатилган.

Консорциум бошқарув раиси Жером Фрост компания Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

Суҳбат давомида, шунингдек, келгусидаги режалар ва янги лойиҳалар хусусида фикр алмашилди.

Учрашув якунида "Arup" компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда йирик иншоотларни, шу жумладан, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш