Logo

Жанубий Корея компанияси гуручни бошоқлардан тозалаш ва қадоқлаш соҳасидаги илғор технологияларни Ўзбекистонга жалб қилиш истагида

Февраль 19, 2024. 15:42 • 2 дақ

184
Жанубий Корея компанияси гуручни бошоқлардан тозалаш ва қадоқлаш соҳасидаги илғор технологияларни Ўзбекистонга жалб қилиш истагида

СЕУЛ, 19 февраль. / «Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Жанубий Кореянинг «Woomin» компанияси ишлаб чиқариш ҳудудига ишчи сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида мазкур компания раҳбари О Жун Хван ҳамда мутасадди бошқарув вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, аввал ўтказилган музокаралар якуни билан эришилган келишувларга асосан ушбу компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва жараёнлари билан яқиндан танишилди.

«Woomin» компанияси гуруч маҳсулотини етиштириш, бошоқлардан тозалаш ва қадоқлаш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, ҳозирда кунига 120 тонна юқори сифатли гуруч маҳсулотини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш қувватига эга. Компания шунингдек, давлат буюртмалари асосида ҳам гуруч маҳсулотини тозалаш ва қадоқлаш хизматини кўрсатади. Кўп йиллик тажрибага таянган ҳолда «Woomin» компанияси янги технологияларни жорий этиш эвазига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишга ҳамда тозалаш жараёнларидаги юқотишларни камайтиришга эриша олган.

Мазкур компания мутахассислари Ўзбекистонда гуруч маҳсулотини бошоқлардан тозалаш ва қадоқлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида 2023 йил сўнгида мамлакатимизга келиб, ўрганиш ишлари олиб борган. Ўрганишлар натижасида, мамлакатимизда гуручни қайта ишлаш жараёнларига замонавий технологияларни қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Суҳбат чоғида «Woomin» компанияси раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда мазкур замонавий технологияларни қўллаш эвазига гуруч маҳсулотлари сифатини ошириш ва энг аввало уни тозалаш жараёнларидаги юқотишлар ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга эришиш мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бирга, компания Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бориш бўйича ҳуқуқий асосларни тайёрлаш ва юридик ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида жорий февраль ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонга сафар режалаштирилгани маълум қилинди.

Ишчи ташриф якунида ўзаро ҳамкорликни самарали давом эттириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш