Жидда шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Саудия бозорига экспортини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Декабрь 12, 2023. 14:30 • 2 дақ

350
Жидда шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Саудия бозорига экспортини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

ЖИДДА, 12 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консуллигида Саудия Арабистонининг «Muassasa Akhmad Abdulaziz Sodiq At-Tijoriya» компанияси директори ўринбосари Эмад Аҳмад Саддиқ билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль ва тўқимачилик маҳсулотларини Саудия Арабистони бозорига экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Саудия вакилига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш бўйича ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги текстиль корхоналари ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати таъкидланди.


Шунингдек ўқинг

Эмад Аҳмад Саддиқ, ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига амалга оширган олий даражадаги ташрифлари давомида эришилган келишувлар саудиялик ишбилармон доиралар вакилларида Ўзбекистон томони билан ҳамкорликка қизиқишни янада оширганини қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.


- Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати кўп асрлик тарихга эга, - деди Эмад Аҳмад Саддиқ. - Пахта толаси, ипак, тери, каолин каби маҳсулотлар мамлакатнинг миллий бойлиги ҳисобланади. Ўзбекистон пахтасидан ва ипагидан тайёрланган матолар ҳамда ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари дунёнинг кўплаб давлатларида эътироф этилмоқда. Шу боис биз Ўзбекистондан тайёр кийим-кечаклар ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишдан манфаатдормиз.


Учрашув якунида Ўзбекистондан текстиль ва трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш масаласини муҳокама этиш мақсадида «Muassasa Akhmad Abdulaziz Sodiq At-Tijoriya» компанияси вакилларининг мамлакатимизга ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш