БАА компанияси Ўзбекистоннинг саноат ва кўчмас мулк лойиҳаларига қизиқиш билдирди

Июнь 09, 2026. 10:55 • 2 дақ

101
БАА компанияси Ўзбекистоннинг саноат ва кўчмас мулк лойиҳаларига қизиқиш билдирди

АБУ-ДАБИ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев БААнинг “Haliburg Group” компанияси бош директори Ҳани Салиба билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, сармоявий муҳитни яхшилаш чора-тадбирлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, “Омбор китоби” дастури доирасида шакллантирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари ва уларни амалга ошириш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳани Салиба Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, мамлакатнинг халқаро бизнес учун жозибадорлиги ортиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, компания Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтириш учун истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўрмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, меҳмонхона ва турар жой мажмуаларини қуриш ва бошқариш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида тиббиёт ва таълим муассасаларини барпо этиш каби лойиҳалар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида компания бош директори 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишини ҳамда форум доирасида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, идора ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказишга тайёрлигини билдирди.

“Haliburg Group” компанияси 2001 йили Дубайда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтда кўчмас мулк, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, металл маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш каби соҳаларда фаолият юритади. Компаниянинг Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида ўз ваколатхоналари ва ҳамкорлик тармоқлари мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш