Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Новосибирск вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада жадаллашади
Август 06, 2024. 07:13 • 2 дақ
• 237
НОВОСИБИРСК, 6 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Новосибирск шаҳар Савдо-саноат палатаси президенти Юрий Бернадский билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва Новосибирск ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид кенг кўламли масалалар ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим натижалари, хусусан, Новосибирск вилоятидаги 60 та ўзбек-рус қўшма корхонаси фаолияти, 2024 йил апрель ойида Новосибирск вилояти делегациясининг "Иннопром. Марказий Осиё" халқаро кўргазмасидаги иштироки ва "Чирчиқ" технопаркида "Здравмедтеч" компанияси ишлаб чиқариш майдончасининг очилиши икки томон учун ҳам эътиборга молик воқеалар сифатида қайд этилди.
Ўзбекистонда ташкил этилган Эркин иқтисодий зоналар негизида савдо-саноат ҳамкорлигини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Бу омил нафақат икки томонлама саноат кооперациясининг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш, балки Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам энг кўп талаб қилинадиган маҳсулотларнинг аниқ рўйхатини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Россия томони Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан бевосита ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Шу муносабат билан 2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Новосибирск шаҳрида етакчи ишлаб чиқарувчилар ва Савдо-саноат палаталари экспертлари иштирокида Ўзбекистон-Россия форумини ташкил этиш имкониятларини илгари сурди.
Новосибирск Савдо-саноат палатаси раҳбари, шунингдек, Ўзбекистондан мева-сабзавот экспортини ошириш Россиянинг ушбу минтақаси учун муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлади. Қайд этилишича, ушбу масала жорий йилнинг кузида Новосибирскда ўтказилиши режалаштирилган форум давомида ҳам кўриб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди