Ҳиндистоннинг йирик заргарлик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда
Январ 20, 2025. 23:44 • 2 дақ
• 232
МУМБАЙ, 21 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг йирик заргарлик корхоналари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Gold Star Jewellery Pvt. Ltd." компанияси бошқарувчи директори Ашиш Шоҳ билан учрашув чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган янгиланиш жараёни, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, заргарлик саноатини ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш бўйича кўрилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ашиш Шоҳ Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотларнинг кўлами ва уларнинг натижаларидан яхши хабардор эканини эътироф этди. Мамлакат заргарлик соҳасининг салмоқли салоҳияти ва юқори малакали мутахассислар халқаро ҳамкорлик учун кенг истиқболлар очаётганини таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистон ва "Gold Star Jewellery Pvt. Ltd." компанияси ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашди.
"Sonani Industries Pvt. Ltd" компанияси раиси Манеш Сонани билан мулоқот доирасида ҳиндистонлик саноатчиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда хориж ишбилармон доиралари вакиллари ва сармоядорлари фаолияти учун яратилган қулай ва жозибадор муҳит, жумладан, заргарлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.
Томонлар "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси ва "Sonani Industries Pvt. Ltd" компанияси ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш истиқболлари билан боғлиқ масалаларни батафсил муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси