Ўзбекистон элчиси Ҳиндистоннинг йирик меҳмонхоналар тармоғи раҳбари билан истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Январ 11, 2025. 08:02 • 2 дақ
• 167
МУМБАЙ, 10 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг "IHCL" (The Indian Hotels Company Ltd.) компанияси бошқарувчи директори Пунит Чҳатвал билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги серқирра ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривож топаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро манфаатли алоқалар ривожи, жумладан, туризм ва меҳмондўстлик соҳасида яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, 2023 йилда Ҳиндистондан Ўзбекистонга 50 мингга яқин сайёҳ сафар қилди. 2024 йилда эса ушбу кўрсаткич янада кўпайиб, 80 минг кишидан ошди.
Шунингдек, сўнгги бир ярим йил давомида икки мамлакат ўртасидаги йўловчи ҳаво қатнови ҳажмини 3 бараварга оширишга эришилди. Агар 2023 йил август ойида Тошкент ва Деҳли шаҳарларини ҳафтасига 6 марта авиапарвозлар боғлаб турган бўлса, бугунги кунга келиб "Uzbekistan Airways" ва "IndiGo" компаниялари томонидан Тошкент-Деҳли-Тошкент, Тошкент-Мумбай-Тошкент ва Тошкент-Гоа-Тошкент йўналишларида ҳафтасига 18 та ҳаво қатнови йўлга қўйилган. Парвозлар жуғрофиясини кенгайтириш ва уларнинг сонини ҳафтасига 24 тага етказиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Сайёҳлик соҳасидаги ушбу ижобий суръат икки мамлакат тадбиркорлари учун биргаликда янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай имконият ва муҳит тақдим қилмоқда.
Томонлар Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида янги меҳмонхоналар бунёд этиш, сайёҳларга замонавий хизмат турлари кўрсатиш, меҳмонхона хўжалигини биргаликда бошқариш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
"IHCL" компанияси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш ва жойларда амалий шериклик режаларини белгилаб олиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди