Россиянинг Хакасия Республикасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини қабул қиладиган транспорт-логистика маркази ташкил этилиши мумкин
Август 20, 2025. 07:27 • 2 дақ
• 81
АБАКАН, 20 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Хакасия раҳбарининг ўринбосари – республика ҳукумати раиси Михаил Побизаков бошчилигидаги Хакасия ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хакасия раҳбари ўринбосари – ҳукумат раиси Михаил Побизаков йиғилиш аввалида Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
"Ўзбекистон бугунги кунда Хакасия билан товар айирбошлаш бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда туради. Жорий йил биринчи ярим йиллиги якунига кўра, Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми 22 миллион долларни ташкил этди", – деди у.
Музокараларнинг асосий мавзуси қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, маданият, таълим ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўлди.
Бош консул Аслам Акбаров Ўзбекистондан Хакасияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шунингдек, Россиянинг ушбу вилоятидан Ўзбекистонга чорва молларини етказиб беришни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Россия томони ҳудудда мамлакатимиздан етказиб берилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида Хакасияда кунига 30-40 тагача юк машинасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини қабул қила оладиган транспорт-логистика марказини ташкил этиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Учрашувда меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Хакасия Республикаси Савдо-саноат палатаси иттифоқи президенти Владимир Сорокиннинг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш зарурати жуда долзарб.
Томонлар шу йил куз фаслида Хакасия тадбиркорларининг Ўзбекистон ҳудудларига, шунингдек, Фарғона вилояти делегациясининг Хакасияга бизнес-миссияларини уюштиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади