Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Бурятия Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Май 27, 2025. 07:28 • 2 дақ

106
Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Бурятия Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

УЛАН-УДЭ, 27 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Бурятия Республикаси ҳукумати раиси ўринбосари – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Амгалан Дармаев раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бурятия ҳукумати раиси ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Амгалан Дармаев Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, деҳқончилик ва чорвачилик соҳасида ривожлантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Вазир Амгалан Дармаев Ўзбекистон бурятиялик фермерлар учун истиқболли бозор эканини, чорвачилик, шунингдек, гўшт маҳсулотлари экспортини кўпайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бу Бурятия фермерлари учун янги имкониятлар очади ва икки мамлакат ҳудудлари, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мулоқотнинг асосий мавзуси агросаноат соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўлди.

Ўзбекистон бош консули мамлакатимиздан Бурятияга ва ундан кейин Узоқ Шарқ минтақаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шунингдек, Бурятиядан Ўзбекистонга йирик ва майда шохли моллар ҳамда от етказиб беришни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ўтган йилнинг май ойида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Бурятия ҳукумати ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, наслли чорвачиликни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида, шунингдек, Бурятияга Ўзбекистон сабзавот ва меваларини етказиб беришни ташкил этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони юртимиздан мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилиш учун Бурятияда Улгуржи тарқатиш марказини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Тошкент ва Улан-Удэ шаҳарларидаги таълим муассасаларида, жумладан, мусиқа мактабларида таҳсил олаётган мактаб ўқувчиларининг таълим алмашинувини кенгайтириш бўйича ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Бурятия Росселхознадзори вакиллари иштирокида Ўзбекистонга йирик ва майда шохли молларни етказиб бериш, шунингдек, мамлакатимиздан Бурятияга маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича улгуржи тарқатиш марказини ташкил этиш масалалари билан шуғулланувчи қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш