Logo

Ўзбекистон ва Миср биргаликда гепатит C қарши дори ишлаб чиқаради

Март 06, 2026. 08:10 • 2 дақ

146
Ўзбекистон ва Миср биргаликда гепатит C қарши дори ишлаб чиқаради

ҚОҲИРА, 6 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Мисрнинг “ACDIMA”ва “Dentafill Plus” компаниялари вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар марказида Ўзбекистон ва Миср ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий дори воситалари ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ва маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳамкорликнинг биринчи босқичи сифатида Ўзбекистон бозори учун гепатит С вирусига қарши “Daclatasvir” ва “Sofosbuvir” препаратларини ишлаб чиқаришни бошлашга келишиб олди. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш технологияларини босқичма-босқич Ўзбекистонга ўтказиш, мисрлик мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини мослаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, учрашувда мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш имконияти ва Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди. Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, импортга қарамликни камайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бу каби лойиҳалар аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика хабига айланиши йўлидаги муҳим қадамдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш