Logo

Ўзбекистон ва Покистон қўшма мультимодал компанияларини ташкил этишни муҳокама қилмоқда

Август 05, 2025. 10:00 • 47 сония

74
Ўзбекистон ва Покистон қўшма мультимодал компанияларини ташкил этишни муҳокама қилмоқда

ИСЛОМОБОД, 5 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳарун Ахтар Хан билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, жумладан, жорий йил февраль ойида Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, "Tashkent Pharma Park" ва "Tashkent Texnopark"да қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-логистика компаниялари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма мультимодал ташиш компаниялари ташкил этиш ва Термиздаги "Airitom Free Zone" имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали савдо алоқаларини кенгайтириш борасидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар натижасида, ахборот технологиялари, инвестиция, иқтисодий зоналарни бошқариш, банклараро ҳисоб-китобларни такомиллаштириш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги каби соҳаларда етакчи компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш