Ўзбекистон 2035 йилга бориб фармацевтика соҳасидаги ишлаб чиқаришни 10 миллиард долларга етказишдек улкан мақсад йўлида Ҳиндистон компанияларини жалб этмоқда

Июнь 09, 2026. 09:25 • 3 дақ

93
Ўзбекистон 2035 йилга бориб фармацевтика соҳасидаги ишлаб чиқаришни 10 миллиард долларга етказишдек улкан мақсад йўлида Ҳиндистон компанияларини жалб этмоқда

ДЕҲЛИ, 9 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон мамлакатни МДҲ ва Евроосиё бозорлари учун йирик ишлаб чиқариш ҳамда экспорт хабига айлантириш стратегиясини амалга ошириш мақсадида Ҳиндистон билан фармацевтика, биотехнология ва нутрицевтика соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.

Ҳиндистоннинг “Business Standard” ишбилармонлик порталида ушбу мавзуда мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Муаллиф Анжали Сингҳ Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг сўзларига таянган ҳолда, мамлакатимиз фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2025 йилдаги 620 миллион доллардан 2035 йилга бориб 10 миллиард долларгача етказиш бўйича кенг кўламли вазифани ўз олдига қўйганини таъкидлаган.

Ушбу мақсадли кўрсаткич тармоқнинг барқарор ўсишини акс эттирмоқда. Хусусан, сўнгги икки йилда тармоқдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичи қарийб 80 фоизга ўсди ҳамда 2023 йилдаги 340 миллион доллардан ўтган йил якунларига кўра қарийб 620 миллион долларга етди. Нашр мазкур суръат маҳаллийлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспортга йўналтирилган изчил сиёсат натижаси эканини қайд этган.

Ўзбекистоннинг стратегик қарашлари фақат импорт ўрнини босиш доираси билан чегараланиб қолмаган.

Шунингдек ўқинг

“Business Standard” Абдулла Азизовнинг “Биз МДҲ минтақаси учун ишлаб чиқариш ва экспорт хабига айланишга интилаяпмиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирган. Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Ҳиндистон компанияларини мамлакатимиз имкониятларидан Марказий Осиё ва Евроосиё бозорларига чиқишда “стратегик кўприк” сифатида фойдаланишга чақирган.

МДҲ фармацевтика бозорининг ҳажми 57 миллиард долларга баҳоланмоқда ва ушбу мамлакатлар билан эркин савдо режимига эга бўлган Ўзбекистон ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчиларга мазкур йирик аудиторияга чиқишда самарали имкониятлар таклиф этмоқда.

Нашр ҳиндистонлик инвесторлар учун мисли кўрилмаган қулайлик режими яратилган бўлиб, у ихтисослаштирилган фармацевтика эркин иқтисодий зоналарида 10 йиллик солиқ имтиёзлари, ер қийматини субсидиялаш ва божхона тўловларидан озод қилиш, ривожланган инфратузилма, дори воситаларини халқаро рўйхатдан ўтказиш харажатларини қоплаш ва бошқа чора-тадбирларни қамраб олган, деб таъкидлаган.

Бундай шериклик шу пайтгача эришилган натижаларга таянади. Хусусан, Ҳиндистоннинг қатор компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун инвестиция киритиб бўлган, бошқа салоҳиятли шериклар билан музокаралар эса фаол босқичда олиб борилмоқда.

Жорий йил ишга туширилган ҳамда Умумевроосиё соғлиқни сақлаш бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон-Ҳиндистон фармацевтика ва нутрицевтика савдо коридори муҳим қадамлардан бири бўлди, деб урғулаган “Business Standard” портали.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш