Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдим қилинди
Апрель 29, 2024. 07:35 • 3 дақ
• 285
ДЕҲЛИ, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (Federation of Indian Chambers of Commerce and Industry – FICCI) ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

FICCI 1927 йилда ташкил этилган ва Ҳиндистоннинг энг йирик бизнес ташкилотларидан бири ҳисобланади. Мазкур тузилма хусусий ва давлат секторлари, трансмиллий компанияларга хизмат кўрсатади, ўз фаолияти доирасида 250 мингдан ортиқ кичик, ўрта ва йирик компанияларни қамраб олган.
Тадбирда "Hinduja Group", "Ashok Leyland", "Larson&Tubro", "Cipla" ва бошқа етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари, жумладан, савдо-иқтисодий фаолият юритиш учун яратилган қулай муҳит, хорижлик тадбиркорлар ва инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар, республикамиз экспорт салоҳияти, Ҳиндистон компанияларининг Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолият тажрибаси ҳақида маълумот тақдим этди. Ўзбекистон-Ҳиндистон серқирра ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, май ойида ўтказиладиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳиндистонлик тадбиркорларнинг йирик делегацияси иштирок этиши кутилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
"Sundev Renewables" компанияси таъсисчиси Дэвин Наранг Ҳиндистон-Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, сўнгги 6-7 йилда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилганини таъкидлади. Ушбу ришталарни янада тараққий эттириш учун ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини қайд этиб, иқтисодий-инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирди.
Жонли мулоқот тарзида кечган давра суҳбатида ўзаро ҳамкорликнинг имкониятлари ва истиқболлари ҳақида қизғин фикр алмашилди. Хусусан, "Hinduja Group" конгломерати департаменти раҳбари Сурен Алимчандани Ўзбекистонда автомобиль двигатели мойлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, минерал ўғитлар харид қилишга тайёрлигини билдириб, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бу борада музокаралар ўтказишини маълум қилди.
"MIER Group" компанияси маркетинг бўйича директори Гопал Суд Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқлардан хабардор экани ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганаётганини билдирди.
– Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида узоқ тарихга эга муносабатлар мавжуд, – дейди FICCI бош котиби Шаилеш Патҳак. – "Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг жорий йилдаги йиғилишини Тошкентда ўтказишга тайёргарлик кўраётганимиз ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон ва Ҳиндистон тадбиркорлари самарали ҳамкорлик қилиши учун қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, қайта тикланадиган энергия, тўқимачилик, автомобилсозлик, электромобиллар ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг имкониятлар мавжуд.
Давра суҳбати доирасида FICCI бош котиби билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳам мазкур федерация ва Ўзбекистон тадбиркорлик тузилмалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
– FICCI Ҳиндистон бўйлаб 250 мингдан ортиқ аъзога эга, – деб давом этди Шаилеш Патҳак. – Биз Тошкент, Самарқанд ёки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида фаолият юритаётган компания ва тадбиркорлар учун Ҳиндистонда ишончли ва истиқболли ҳамкор топиш бўйича амалий кўмак беришга тайёрмиз. Шунингдек, ҳар йили "FICCI Frames" деб номланган медиа ва кўнгилочар тадбир ўтказамиз. Уларда Шоҳруҳ Хон, Карина Капур ва бошқа таниқли кино арбоблари иштирок этади. Навбатдаги тадбиримиз доирасида Ўзбекистоннинг ҳамкор давлат бўлишга таклиф этишдан мамнунмиз.
Ўзбекистон элчихонаси вакиллари давра суҳбати иштирокчилари томонидан бевосита ва онлайн шаклда берилган саволларига батафсил жавоб берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи