Logo

Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми бўлиб ўтди

Июль 03, 2025. 17:39 • 59 сония

162
Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми бўлиб ўтди

ҚОҲИРА, 4 июль. / "Дунё" АА/. Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов бошчилигидаги вилоят ишбилармон доира вакилларидан иборат делегацияси ва мисрлик тадбиркорлар иштирок этди.

Форум Мисрнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан картошка ва қанд лавлаги етиштириш бўйича тажрибасини ўрганиш, шу асосда мамлакатимизда сифатли картошка уруғларини етиштириш ҳамда мисрлик тадбиркорларнинг инвестиция ва тажрибасини юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир доирасида Қашқадарё вилоятидаги "Agro Gold Premium", "Китоб Етти Хазина", "Shahrisabz premium" масъулияти чекланган жамиятлар ва Миср Қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази, "EFC Plants Tissue Culture S.A.E, "Daltex Corporation", "Ms Al Saad Group", "Nile Sugar", "Pharaoh for agriculture and investment", "КҲБС" компаниялари вакиллари ўртасида G2B ва В2В форматида учрашувлар бўлиб ўтди.

Музокаралар натижасида "EFC Plants" компанияси ва "Agro Gold Premium" МЧЖ ўртасида серҳосил картошка навларини етиштириш бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида Ўзбекистонда картошка уруғини етиштириш тўлиқ циклини маҳаллийлаштиришни кўзда тутувчи истиқболли лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.

 Бундан ташқари, "Daltex Corporation" компанияси бош ижрочи директори Аҳмад ал-Наггар бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини уюштириш таклифи қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш