Наманган бир ой давомида жами 29 миллион 406 минг 384 дона гул экишга муваффақ бўлди
Май 24, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 61
НАМАНГАН, 24 май. /“Дунё” АА/. Намангандаги Халқаро гуллар фестивали доирасида оммавий гул экиш акцияси “Guinness World Records” ташкилоти томонидан расман жаҳон рекорди сифатида эътироф этилиши юзасидан бугун Гиннес жаҳон рекордлар китоби расмий вакили ва ҳаками Шейда Субаши “Дунё” АА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– 2026 йил 24 май куни бир ой давомида жамоа томонидан энг кўп гул экиш номинацияси бўйича Гиннес жаҳон рекордлар китобига киритиш учун амалга оширилган уриниш натижаларини расман эълон қилдик.
Ушбу рекордни қўлга киритиш учун “Guinness World Records” ташкилоти томонидан белгиланган халқаро талаб ва қоидаларга тўлиқ амал қилиниши зарур эди.
Аввало, мазкур рекорд бир ой давомида айнан танлаб олинган бир ҳудуднинг ўзида жамоа томонидан экилган энг кўп гул сони асосида белгиланди. Иккинчидан, гулларнинг тўғри экилиши учун етарли ёруғлик, жой ва тупроқ шароити мавжуд бўлиши шарт эди. Учинчидан, ҳар бир гул алоҳида экилиши, яъни ҳар бир ковакка биттадан гул кўчати жойлаштирилиши лозим бўлди. Шунингдек, экиш жараёнида техник воситалар ва махсус ускуналардан фойдаланишга рухсат этилмади.
30 кун давомида ҳар куни экилган гуллар бўйича батафсил рўйхатлар ва тегишли маълумотлар менга кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Барча далиллар ва ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиққанимдан сўнг, якуний хулосага келдим.
Мазкур рекорд уриниши Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан юксак савияда, ҳамжиҳатлик билан амалга оширилди. Юқори даражадаги ҳамжиҳатлик ва умумий мақсад йўлида бирлашган саъй-ҳаракатлар натижасида Наманган янада гўзаллик ва нафосат масканига айланди. Бугун бу гуллар нафақат гўзаллик, балки бирлик, ҳамжиҳатлик ва юксак натижанинг ёрқин рамзи сифатида намоён бўлмоқда.
Расмий натижа ҳақида гапирадиган бўлсам, Гиннес жаҳон рекордлари ташкилоти томонидан белгиланган минимал талаб – бир миллион дона гул кўчати экиш эди. Наманган вилояти ҳокимлиги эса бир ой давомида танлаб олинган бир ҳудуднинг ўзида жами 29 миллион 406 минг 384 дона гул экишга муваффақ бўлди.
Бу натижа – янги Гиннес жаҳон рекорди ютуғи ҳамда улкан муваффақиятдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Мануэль Фик: АҚШ ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишчилар учун қишлоқ хўжалиги соҳасида янги имкониятлар очилмоқда



