Logo

Туркий давлатлар интеграцияси: Барқарор тараққиёт ва ҳамкорликка йўл

Октябрь 08, 2025. 17:06 • 7 дақ

172
Туркий давлатлар интеграцияси: Барқарор тараққиёт ва ҳамкорликка йўл

ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази етакчи илмий ходими Гули Низомова "Дунё" АА учун шарҳида учун Туркий давлатлар ташкилотининг замонавий дунёда тутган мавқеи, шунингдек, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги ўрни ҳақидаги фикрларини билдирди.

  – Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги интеграция жараёнларини таҳлил қилишга, Турк давлатларининг замонавий ҳамкорлик босқичининг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиққан ҳолда иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган мақола эълон қилинди.

ТДТ ҳарбий ёки сиёсий блок эмас, балки ҳамкорликни чуқурлаштириш ва туркий дунёда ягона ривожланиш маконини шакллантириш учун самарали платформадир.

Ҳозирги халқаро тартиб динамик равишда ўзгараётган шароитларда, прагматик, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорлик форматларини ривожлантириш алоҳида долзарблик касб этади. ТДТ айнан шундай хусусиятларни ўзида жўшқин тарзда акс эттирмоқда.

ТДТ ҳарбий ёки сиёсий блок эмас, балки иқтисодий алоқаларни кучайтириш, транспорт‑логистика йўлларини ривожлантириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кўп томонлама ҳамкорлик майдони сифатида намоён бўлмоқда. Унинг асосий мақсади туркий давлатларнинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва минтақа халқлари ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдан иборат.

Сўнгги йилларда ТДТ фаолиятига халқаро миқёсда ортиб бораётган эътибор туркий давлатларининг минтақавий барқарорлик, Евроосиё транспорт боғланишлари ва энергетика хавфсизлигидаги роли н боғлиқ.

Интеграция йўналишидаги миссия ва узоқ муддатли стратегик истиқбол

ТДТ бугунги кунда туркий интеграцияси учун муҳим институт сифатида намоён бўляпти. Ташкилот фаолияти иқтисодий, транспорт-логистика, рақамлаштириш ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг амалий воситаларини шакллантиришга қаратилган.

Бу контекстда ТДТ манфаатларни мувофиқлаштириш ва умумий ташаббусларни амалга оширишда самарали платформага айланмоқда — бу ташаббуслар минтақавий давлатлар ўртасида барқарор тараққиёт ва ўзаро боғланишни кучайтиради.

ТДТ фалсафасининг муҳим элементи сифатида "инклюзив тараққиёт орқали интеграция" деган ғоя ажралиб туради. Бу йўналишда ТДТнинг фаолияти ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро боғлиқликни ошириш ҳамда туркий дунёда янги иқтисодий ўсиш марказларини яратишга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ Давлат раҳбарларининг 12-саммитида нутқида айтилганидек: "Туркий давлатлари ташкилоти қисқа муддат ичида обрўси юқори бўлган халқаро тузилмалар сафидан жой олди. Буни биринчи навбатда давлатларимиз ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий диалогнинг кенгайиши, ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши ва амалий шериклик лойиҳалари ҳамда гуманитар дастурларнинг фаол амалга оширилиши исботламоқда".

Бугунги кунда амалий ҳамкорлик 35 дан ортиқ йўналишда олиб борилмоқда ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми барқарор равишда ошиб боряпти.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг стратегик ўлчови

Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик тобора амалий шаклга кириб бормоқда, айниқса транспорт ва логистика соҳаларида. ТДТга аъзо давлатларнинг географик жойлашуви Европа, Шарқ, Шимол ва Жануб йўналишларини боғловчи ноёб Евроосиё маконини шакллантиради.

Денгизга чиқиш ҳуқуқи бўлмаган Ўзбекистон учун туркий давлатлар билан транспорт‑логистика алоқаларини ривожлантириш стратегик устуворлик бўлиб, бу экспорт маршрутларини диверсификациялаш ва иқтисодий суверенитетни мустаҳкамлаш имконини беради.

Ушбу жараёнда марказий ўрин Транскаспий, "Шарқ‑Ғарб", "Ўрта йўлак" "Ипак йўли ХХI аср" йўналишига тегишли. Маршрут Ўзбекистонни Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европага боғлайди.

2025 йилда Ўзбекистон инфратузилмани модернизация қилиш ва транзит процедураларини соддалаштиришга қаратилган беш йиллик режани тасдиқлади. Ушбу ташаббус йўл қувватини ошириш ҳамда логистика харажатларини камайтиришга қаратилган.

Тошкент изчил равишда "Ўрта йўлак" бўйича транзит тарифларини оптималлаштириш, чегараларни осонлаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратишни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистоннинг ушбу йўналиш салоҳиятини ривожлантиришдаги иштироки Каспий минтақаси давлатларининг саъй-ҳаракатларини тўлдирувчи муҳим омил ҳисобланади. Қозоғистон "Ўрта йўлак"нинг асосий қуруқлик тугуни сифатида темир йўл линиялари ҳамда Оқтов ва Қурик портларини фаол ривожлантирмоқда. Озарбайжон эса, Боку инфратузилмаси ва Боку–Тбилиси–Карс темир йўл линияси орқали Марказий Осиё билан Европа ўртасида стратегик кўприк вазифасини бажаради. Туркия эса ушбу йўналишни Европа бозорларига олиб чиқиб, Евроосиё транзитида боғловчи ҳалқа сифатида якунлайди.

ТДТ давлатларининг қўшма саъй-ҳаракатлари "Ўрта йўлак"ни янги авлод интеграцион платформасига айлантирмоқда – бу иқтисодий ҳамкорлик, энергетика хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш маконидир. Каспийдан Европагача чўзилган ушбу транспорт йўлаги турк дунёси бирдамлигининг амалий ифодасига айланиши шубҳасиздир.

Иқтисодий коопeрация ва инвeстиция ҳамкорлиги

ТДТ доирасида очиқ бозор, ўзаро манфаатдорлик ва саноат кооперацияси принципларига асосланган иқтисодий майдонча босқичма-босқич шаклланмоқда.

Сўнгги йилларда молиявий воситаларни яратишдан тортиб савдони рақамлаштиришгача бўлган кўплаб ташаббуслар декларациялардан амалиётга ўтди.

Асосий ютуқлардан бири 2022 йилда Самарқанд саммитида қабул қилинган ва 2023 йилда амалга оширилган Туркий инвестиция жамғармасини тузиш бўлди.

Жамғарма 2024 йилда ўз фаолиятини бошлади, 2025 йил февраль ойида эса унинг Ўзбекистоннинг 100 миллион долларлик ҳиссасини ўз ичига олган ҳолда унинг устав капитали 600 миллион долларга оширилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Габала саммитида яқин келажакда ТДТ доирасида Янги иқтисодий имкониятлар фазосини шакллантиришни қўллаб-қувватлади ҳамда "хомашё – қайта ишлаш – фан ва технологиялар – тайёр маҳсулот" тамойилига асосланган амалий Ҳамкорлик дастурини қабул қилишнинг аҳамиятини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, ТДТ доирасидаги иқтисодий интеграция аллақачон сезиларли натижаларни бермоқда: ушбу давлатларнинг умумий ЯИМ кўрсаткичи 5,6 триллион доллардан ошиб, кейинги ўсиш учун катта салоҳиятга эга. Туркий мамлакатлар Ўзбекистоннинг ташқи савдосида 14,5 фоиз улушга эга бўлиб, 2017 йилдан 2024 йилга қадар инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард доллардан зиёд бўлган.

Иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Президенти бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди, улар иқтисодий интеграция ва инновацион тараққиётни чуқурлаштиришга қаратилган. Ушбу ташаббуслар қаторида Тошкентдаги Лойиҳалар офисига эга бўлган Туркий давлатлар доимий иқтисодий шериклик кенгашини яратиш, Туркий давлатлар саноат альянсини тузиш, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ҳамда "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш киради. Шунингдек, Президент Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ва сунъий интеллект ҳамда креатив иқтисодиёт бўйича "Йўл хариталари"ни қабул қилиш таклифини билдирди.

Айниқса ТДТга аъзо давлатларнинг ўзаро тўлдирувчи хусусиятига эътибор қаратиш муҳимдир. Ҳар бир давлат умумий иқтисодий тизимга ўзининг ўзига хос муҳим элементларини қўшмоқда: Қозоғистон энергетика барқарорлигини ва транспорт алоқаларини таъминласа, Озарбайжон Марказий Осиё билан Кавказ ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Туркия эса инновацион, технологиявий ва молиявий ташаббусларни илгари сурмоқда. Ўзбекистон эса минтақанинг саноат ва инвестиция марказига айланмоқда. Қирғизистон эса ТДТ доирасида рақамли ва тадбиркорлик дастурларида фаол иштирок этмоқда, кичик бизнес, туризм ва "ақлли логистика" соҳаларида лойиҳаларни ривожлантириш билан бирга, тоғ ҳудудларини барқарор ривожлантириш ва экотранспорт соҳасидаги ташаббусларни илгари сурмоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар

ТДТнинг универсаллигининг яна бир муҳим жиҳати – маданий ва цивилизацион консолидациянинг умумий кўриниши ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий вазифаси – туркий халқларни бирлаштирувчи тарихи ва қадриятлар асосларини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, бу ерда тил, анъаналар, маданий мерос ва умумий бирдамлик ҳозирги туркий бирликнинг пойдеворини ташкил этади.

Маданий-гуманитар йўналиш ТДТ интеграция кун тартибининг ажралмас қисмига айланган. Бу соҳадаги фаолият барқарор ривожланишни ишонч, маданий яқинлик ва таълим алмашинувисиз мумкин эмаслиги тушунчасига асосланади. Ташкилот таълим, фан, маданият ва ёшлар сиёсатлари соҳаларида ташаббуслар учун кенг майдон яратади ва туркий макон аҳолисининг янги авлодини шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2022 йил Туркий дунёда "Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинди ва Бухоро ёшлар ташаббусларининг биринчи пойтахти мақомини олди.

 Габалада ўтказилган саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу университет ташкилотга аъзо барча мамлакатлардан талабалар ва мутахассисларни бирлаштириб, қўшма тадқиқотлар, таълим дастурлари ва инновацияларга майдон бўлиб хизмат қилади.

Медиа, таълим ва маданий лойиҳалар орқали қўллаб-қувватланаётган туркий маконни тиклаш умумий гуманитар майдонни шакллантириб, туркий дунёнинг мустақил цивилизацион ривожланиш маркази сифатидаги таъсирини мустаҳкамлайди.

ХУЛОСА

Туркий давлатлар ташкилоти босқичма-босқич янги турдаги ўзига хос — ишонч ва яратувчанлик маконига айланмоқда. Бу бирлашманинг мақсади "кимгадир қарши" эмас, балки умумий келажак, барқарор ривожланиш ва барқарорлик йўлида бирлашишдан иборатдир.

ТДТ манфаатларни мувозанатлаштириш ва ўзаро ҳурмат ҳамда манфаатларга асосланган интеграция ташаббусларини илгари суриш қобилиятини намоён этмоқда. Асосий мақсад – ютуқларни институционаллаштириш: қарорлар қабул қилиш ягона механизмларини ривожлантириш, иқтисодий ва гуманитар шерикликни кенгайтириш ҳамда ташқи минтақалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Бугунги кунда ТДТ XXI асрдаги ҳамкорлик моделларидан бирига айланмоқда, бу ерда минтақавий стратегик шериклик ўзгача аҳамият касб этмоқда ва ўз иштирокчиларга ўзгаришлар даврида қўшимча барқарорлик беради. Шу нуқтаи назардан қаралганда, туркий давлатлар интеграцияси — бу тараққиёт ва ҳамкорлик йўлидир.


Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш